Британиялик мусиқачи, Queen рок-гуруҳининг гитарачиси Брайан Мей коронавирус пандемияси одамлар кўп гўшт истеъмол қилаётгани сабаб бошланганини маълум қилди. Бй ҳақда NME журнали хабар беради.

Фото: NME

Мейнинг фикрича, дунёда содир бўлаётган сўнгги воқеалар кўпчиликни табиатга нисбатан муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбурлайди. Айниқса, илк бемор Ухандаги экзотик ҳайвонларни сотиш ва улардан таом пишириш билан шуғулланувчи бозорда содир бўлгани ҳисобга олинса (аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган — таҳр.).

«Афтидан, пандемия ростдан ҳам ҳайвонларни ейдиганлардан тарқалган кўринади. Гўшт истеъмол қилиш — соғлиқ учун фойдали эмаслигига яна бир бора амин бўлдим», — дея таъкидлайди мусиқачи.

Январь ойида Мей вегетарианга айланган бўлиб, ҳозирда бунга жиддий эътибор қаратмоқда.

«Уч ойдан буён шундай ҳаёт тарзида яшамоқдаман. Аввал бошида бу мен учун тажриба эди. Ҳар қалай узоқ вақт ҳайвонлар ҳимоячиси бўлганман, аммо вақти-вақти билан гўшт еб турардим. Мана энди кўриб турганимиздек, ҳайвонларни ейиш инсонларни тиз чўктирди. Шу сабабли, ўйлашимча, бошқа турларни йўқ қилиб юбормаслик учун дунёмизни қайта тадқиқ этиш вақти келди», — дейди Мей.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов мамлакатда гўшт нархининг ошишига «биз жуда кўп гўшт еяпмиз» дея изоҳ берган эди.