«Роскосмос» корпорацияси раҳбари Дмитрий Рогозин Tesla ортидан «КамАЗ» космосга учиши мумкинлигини маълум қилди. Рогозин бу ҳақда ўзининг Twitter’даги саҳифасига ёзиб қолдирган.

Фото: Autorambler

«Роскосмос» раҳбари «Ангара А5» ракета-ташувчи учун фойдали юк нима бўлиши мумкин деган саволга «‘КамАЗ’ Tesla ортидан йўл олади», дея жавоб қайтарган.

Эслатиб ўтамиз, Американинг Tesla компанияси 2018 йилнинг февралида Falcon Heavy ракета ташувчиси орқали ўзининг Roadster’ини космосга учирганди. Roadster рулига скафандр кийган Starman исмли манекен ўтқазилган бўлиб, қаршисидаги панел ёнига «Ваҳима қилма» деб ёзиб қўйилган. Ушбу автомобиль Ерни тарк этгунига қадар Tesla раҳбари Илон Маскка тегишли бўлган.

Ўтган йили Roadster Қуёш атрофини бир марта айланиб чиққан эди, ҳозирда у Ердан 300 миллион километр узоқликда.