Ҳар йили дунёда 18 апрель – Халқаро ёдгорликлар ва обидалар куни сифатида нишонланади. Бу йилги тадбирлар «Муштарак маданиятлар, муштарак мерос ва муштарак жавобгарлик» шиори остида ўтказилиши белгиланган эди. Аммо дунёда ҳукм суриб турган пандемик ҳолат сабабли тадбирлар онлайн тарзда амалга оширилиши белгилаб олинди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов сана муносабати билан юртимиздаги кўзга кўринган тарихий ёдгорликлар ҳақида сўз юритади.

Шош – савдо карвонлари чорраҳаси

Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар ўз саёҳатларини аввало Тошкент шаҳридан бошлайди. Тошкент шаҳрининг қадимги номлари турли манбаларда турлича келтирилган : Чоч, Бинкат, Шош. Тошкент номи илк бор Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит-турк» асарида учрайди. Тошкент қадимдан савдо карвонлари тўхтайдиган асосий шаҳарлардан бири бўлган. Бу нарса ҳозиргача ўз таъсирини кўрсатиб келади. Республикадаги бозорларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида жойлашган.

Тошкент. Ҳазрати Имом жоме масжиди.

Фото: Google Photos

Тошкент бошқа тарихий шаҳарларга нисбатан тарихий ёдгорликларга бой бўлмаса-да, келган ҳар бир меҳмон кўрмасдан кетмаслиги керак бўлган бир нечта обидалар бор. Шулардан энг машҳури Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойлашган қадимги Кайковус анҳори бўйидаги Ҳазрати Имом мажмуасидир. Ушбу мажмуа турли даврларда қурилган меъморий обидалар жамланмасидир. Мажмуа тошкентлик машҳур диний олим, шофеий мазҳабининг имомларидан, қорахонийларнинг раҳнамоси Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шошийнинг мақбаралари атрофида дунёга келгани учун Ҳазрати Имом номи билан аталади.

Халқ орасида Хастимом номи кўпроқ машҳур. Дастлабки мақбара XI асрда қорахонийлар ҳукмронлиги даврида қурилган. Аммо мўғуллар истилоси, табиий офатлар натижасида бузилиб кетган. Биз кўриб турган ҳозирги мақбара эса XVI аср Шайбонийлар даврига оиддир. Мақбара хонақоҳ типида, тўртбурчак шаклда қурилган. Гумбази XIX асрдаги зилзила оқибатида талафот кўрган. Атрофида қабристон бўлган. Эшиги шимол тарафга қаратиб қурилгани учун мақбара ичи доимий равишда салқин туради. Жанубида замонавий Ўзбекистоннинг икки муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва у кишининг ўғиллари Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг қабрлари жойлашган.

Мажмуадаги иккинчи обида XVI асрда шайбонийлар сулоласининг хони Наврўз Аҳмадхон қурдирган Бароқхон мадрасаси ҳисобланади. Мадраса Марказий Осиёга хос анъанавий услубда бир қават қилиб қурилган. Мадраса ўрнида дастлаб икки мақбара бўлган, бири Наврўз Аҳмадхоннинг отаси Суюнчихўжаники, иккинчиси Наврўз Аҳмадхонники. Икки мақбара ҳам Наврўз Аҳмадхон буйруғи билан қурилган. Мақбаралар атрофида мадраса ҳужралари мавжуд. Аммо Наврўз Аҳмадхон Самарқандда вафот этгани учун ўзига аталган мақбарага қўйилмаган.

Тошкент. Ҳазрати Имом жоме масжиди.

Фото: Google Photos

Ушбу мажмуанинг марказий нуқтаси, шубҳасиз, Ҳазрати Усмон (р.а.)га тегишли деб қараладиган Қуръони Каримнинг энг қадимги қўлёзмаси сақланаётган музей ҳисобланади. Чунки кўпчилик айнан ушбу нодир қўлёзмани кўришни истайди. Музей XVIII асрда қурилган Мўйи Муборак мадрасасида ташкил қилинган. Шунингдек, мажмуада XIX асрга тегишли Тиллашайх масжиди, Намозгоҳ масжиди, 2007 йилда қурилган Ҳазрати Имом жоме’ масжиди, Мусулмонлар идораси, Тошкент ислом институти жойлашган.

Тошкентда, яна зиёрат ва ташриф учун Шайх Ҳованду Тоҳир мақбараси, Абулқосим ва Кўкалдош мадрасалари бор. Тошкент вилояти Зангиота туманида Зангиота мақбараси зиёратгоҳи кўплаб зиёратчиларни қабул қилади.

Самарқанд – ер юзининг сайқали

Дунёда Самарқанд номини эшитмаганлар бўлмаса керак. Шарқ гавҳари, ер юзининг сайқали, Буюк ипак йўли чорраҳаси, Буюк Темур империяси пойтахти Самарқанд доимо ўзига сайёҳларни чорлаб келган. Қадимдан ҳукмдорлар бу шаҳарга эга бўлишни орзу қилган. Самарқанд тарихда бўлгани каби бугун ҳам бутун дунёдан ўзига одамларни жалб қилмоқда. Бунга унинг тарихдаги машҳурлиги ва унинг заминидаги тарихий обидаларнинг ҳиссаси юқори.

Самарқанд шаҳрига эрамиздан аввалги VIII асрда асос солинган. Қадимдан Форс эмперияси таркибидаги Сўғд вилояти маркази ҳисобланган. Дастлаб Самарқанд ҳозирги Афросиёб археологик ҳудудида мавжуд бўлган. XIII асрда мўғуллар ҳужумидан катта талафот кўрган шаҳар кейинчалик одамлар кўчиб кетиши оқибатида бўшаб, харобага айланган. XIV асрда Амир Темур ҳукмронлиги йилларида шаҳар ўз қудратининг чўққисига чиққан.

Самарқандда тарихий обидалар сон жиҳатидан у қадар кўп эмас. Сабаби шаҳар руслар томонидан эгалланганидан кейин кўплаб тарихий бинолар бузилди. Жумладан, Амир Темур саройларидан бири Кўксарой ҳам. Нафақат Самарқанднинг, балки бутун Ўзбекистоннинг рамзи бўлган Регистон майдони шаҳарнинг ташриф қоғози ҳисобланади. Самарқандга борган киши борки, Регистон ансамблини кўрмасдан қайтмайди.

Регистон майдони Самарқанднинг маркази ҳисобланган. У ерда бозор мавжуд бўлган. XV асрда Мирзо Улуғбек бу ерда мадраса, хонақоҳ, карвонсарой қурдирган. Аммо вақт ўтиши билан карвонсарой ҳамда хонақоҳ нураб қолган. XVII асрга келиб Самарқанд ҳокими Ялантўш Баҳодир Улуғбек мадрасаси рўпарасида, хонақоҳ ўрнида катта мадраса қурдирган. Пештоқидаги шер тасвири туширилган безаклари учун халқ орасида Шердор номи билан машҳур. Майдоннинг ғарбий қисмида Мирзойи карвонсаройи ўрнида Ялангтўш Баҳодирнинг иккинчи мадрасаси бор.

Самарқанд. Регистон майдони.

Фото: Google Photos

Тилла суви билан безатилгани учун мазкур мадраса Тиллакори мадрасаси деб номланган. Шундай қилиб Регистон мажмуасининг бугунги кўриниши XV–XVII асрларда шаклланган. Мадрасалар деворлари ва пештоқлари анъанавий меъморчилик услубларида сопол мозаикалар билан безатилган. Безак сифатида араб ёзувининг турли шаклларидан фойдаланилган. Жумладан, мадрасалар ташқи деворлари, миноралари куфий хатидаги геометрик шаклли гириҳ нақш-ёзувлари билан безатилган. Шунингдек, пештоқларда сулс хатидан фойдаланиб, Қуръон оятлари ва ҳикматлар сопол мозаикалар ёрдамида ёзилган.

Самарқанднинг яна бир жавоҳири бу Амир Темур мақбараси. Мақбара XV асрнинг бошига оид. Дастлаб бу ерда Амир Темурнинг невараси ҳамда тахт вориси Муҳаммад Султон бир мадраса ва бир хонақоҳ қурдирган. Икки бино бир-бирига қарама-қарши қилиб қурилган. 1403 йилда Муҳаммад Султон Шомда вафот этади. Темур невараси учун ушбу мажмуа ҳудудида мақбара қуришни буюради. Мақбара саккиз қиррали бино шаклида қурилган ҳамда устига улкан гумбаз ўрнатилган.

Бинонинг баландлиги 36 метрни ташкил қилади. Гумбаз диматри 16 метр. Гумбаз ташқи тарафдан тўлқинсимон қабартма шаклида қурилган ва сопол кошинлар билан қопланган. Бино деворларига «Аллоҳнинг қули Муҳаммад» ёзуви куфий хатида гириҳ нақшлари билан безатиб ёзилган. Бинонинг асосий кўриниши Улуғбек даврида қурилган қўшимча бинолар туфайли бекилиб қолган.

Бино ичига Улуғбек томонидан қурдирилган йўлак орқали кирилади. Дастлабки мажмуадан, яъни Муҳаммад Султон қурдирган бинолардан фақатгина мажмуага кириш пештоқи сақланиб қолган бўлиб, унда бино безакларини бажарган устанинг исми сақланиб қолган. Унда «Ушбу бино Аллоҳнинг қули Муҳаммад ибн Маҳмуд Исфаҳоний тарафидан қурилди» деган мазмундаги ёзув бор. Темурийлар даврида қурилган кўпчилик бинолар, асосан, форслик усталар томонидан қурилган ва шунинг учун икки мамлакат тарихий обидалари ўртасида ўхшашлик мавжуд. Бу биноларнинг ташқи кўринишида ва рангларида ўз аксини топган.

Мақбарада тўққизта қабр мавжуд бўлиб, илк қабр Муҳаммад Султонга тегишли. Ундан ташқари бу ерда Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Мироншоҳ Мирзо, Улуғбек Мирзо, Мир Саййид Барака, ироқлик Шайх Саййид Умар ва Мирзо Улуғбекнинг ёшликда вафот этган икки ўғли Абдуллоҳ ва Абдураҳмон Мирзоларнинг қабрлари бор. Қабрлар бугун биз кўрадиган мақбаранинг юқори қисмида эмас, балки ер остида жойлашган. Мақбаранинг зиёратхонасида мавжуд қабр тошлар асл қабрлар жойлашувига қараб қўйилган.

Самарқанд. Амир Темур мақбараси.

Фото: Google Photos

Асл қабрларга кириш мумкин эмас. Фақатгина махсус делегациялар ва ҳукумат рухсати билан киритилади. Мақбаранинг ички қисми ҳам жуда гўзал нақшлар ва хаттотлик санъати безаклари ила безатилган. Безатишда тилла суви ишлатилгани жозибадорликни янада оширган. Ёзувлар, асосан, Қуръони Карим оятлари, ҳадиси шариф ва ҳикматли сўзларни акс эттиради.

Самарқаднинг муқаддас қадамжолари орасида, шубҳасиз, Қусам ибн Аббос (р.а) мақбараси етакчи ҳисобланади. Ушбу мақбара Шоҳи Зинда архитектура мажмуасининг таркиб топишида марказий рол ўйнаган. Чунки айнан шу мақбара атрофида кейинчалик кўплаб мақбаралар бино қилинган. Мажмуа XI–ХХ асрлар мобайнида шаклланиб борган. Дастлаб XI–XII асрларда, қорахонийлар ҳукмронлиги даврида мақбаралар қурилган. Қусам ибн Аббос мақбараси ҳам айнан ўша даврда бино қилинган. Аммо Самарқанд шаҳри мўғуллар томонидан эгалланганидан кейин шаҳарнинг бошқа кўплаб бинолари сингари мажмуа ҳам жиддий талафот кўрган. Бугунгача сақланиб қолган асосий бинолар XIV–XV асрларга оид.

Ансамбль бир-бири билан йўлак орқали боғланган уч гуруҳ бинолардан иборат. Қуйи гуруҳ бинолари 1434–1435 йилларда Мирзо Улуғбек тарафидан ўғли Абдулазиз Мирзога атаб қурдирилган чортоқ билан бошланади. Дарвозадан кирганда чап томонда 1910 йилда қурилган ёзги масжид, ўнг томонда XIX асрга оид Давлат қушбеги мадрасаси бор. Иккинчи чортоққа чиқиладиган зина ёнида XV асрда қурилган қўш гумбазли мақбара бор бўлиб, узоқ йиллар мобайнида буюк математик олим Қозизода Румийга нисбат бериб келинган. Аммо қазишмалар натижасида унинг Амир Темурнинг энагасига тегишли экани тахмин қилинган ва бугун шунга нисбат берилади.

Ўрта гуруҳдаги бинолар: Амирзода мақбараси, Туғлу Текин мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси, унинг қаршисида Темурнинг бошқа синглиси Туркан оғо мақбараси, саккиз қиррали мақбара, Али Насафий мақбараси кабилар. Ушбу мақбараларнинг барчаси XIV асрда қурилган. Мақбаралар Темурийлар даври архитектурасида кошинпазликнинг юксак намунасини ўзида мужассамлаштирган. Ширинбека оғо мақбарасидан ташқари қолган мақбаралар, асосан, кошинлар билан безатилган.

Унда Марказий Осиёга оид бўлган безак санъати намуналари ўрин олган. Ширинбека оғо мақбараси эса сопол мозаикалар билан безатилган. Мақбаралар орасида Туркон оғо мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси ҳамда Уста Али Насафаий мақбаралари ҳам ички, ҳам ташқи безаклари билан ажралиб туради. Айниқса, Ширинбека оғо мақбарасининг ички ва ташқи безаклари қолганларидан тубдан фақр қилади. Бу Темурийлар архитектурасида янги мактабнинг бошланиши сифатида баҳоланади.

Самарқанд. Шоҳи Зинда мақбараси.

Фото: Google Photos

Олдинги дағал кошинлар ўрнини нафис мозаикалар ва деворий суратлар эгаллаган. Бу турдаги безак намуналарини юқори қисм биноларида, жумладан, Туман оғо мажмуаси, Қусам ибн Аббос мақбараси, Амир Темур жоме’ масжиди хонақоси ва ён хоналари, қўш гумбазли мақбарада ҳам учратиш мумкин. Мақбаралар араб хатининг куфий, сулс каби ёзув намуналари билан турли ҳикматли сўзлар, Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар билан безатилган.

Юқори гуруҳ биноларига Амир Бурундуқ мақбараси (XVI аср охири), Хожа Аҳмад мақбараси (XIV аср ўрталари), XIV аср 60 йилларига оид яна бир Туман оғо мажмуаси: масжид, гўрхона ва зиёратхона (XV аср боши), Қусам ибн Аббос мақбараси, зиёратхона, масжид киради.

Қусам ибн Аббос мақбарасига борадиган йўлак кириш эшиги XV асрда ясалган, кириш тепасида Пайғамбаримизнинг Қусам ибн Аббос (р.а) ҳақида айтган ҳадислари ёзилган. Унинг маъноси қуйидагича: «Қусам ибн Аббос ташқи кўриниши, хулқи жиҳатидан менга энг кўп ўхшайдиганидир». Мақбара икки қисмдан иборат: қабр жойлашган гўрхона ва зиёратхона. Зиёратхонага кириш эшиги XIV асрда ясалган. Мақбара биноси XIV асрда қайта таъмирланган.

Қусам ибн Аббоснинг қабрлари устига тўрт қаватли қабр тоши ўрнатилган бўлиб, атрофи сирланган кошинлар билан безатилган. Мажмуанинг «Шоҳи зинда» деб номланиши ҳам Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ. Мажмуанинг кириш пештоқида Оли Имрон сурасининг «169. Аллоҳнинг йўлида қатл қилинганларни ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, тирикдирлар, Роббилари ҳузурида ризқлантирилмоқдалар» ояти ёзилган. Қусам ибн Аббос Самарқандга ислом динини ёйиш мақсадида келганларида шаҳид бўлганлар. Қуръондаги мазкур оят сабабидан «тирик»ликларига нисбат берилиб «Шоҳи зинда», яъни «Тирик шоҳ» деб номланган.

Мажмуанинг юқори қисмидаги бир-бирига қаратиб қурилган учта мақбара безакларининг ҳамоҳанглиги билан мажмуага ўзгача кўрк бағишлаб туради. Чортоқдан киришда тўғрида Хожа Аҳмад мақбараси, ўнг томонда Амир Темур аёлларидан бирига нисбат бериладиган мақбара, чап томонда эса Туман оғо мажмуаси жойлашган.

Самарқанднинг мазкур ёдгорликларининг барчаси давлат томонидан муҳофаза қилинади ва ЮНЕСКОнинг моддий-маданий меъроси рўйхатига киритилган.

Қуббат ул ислом – Бухорои шариф

Бухоро замини қадим замонлардан илм-фаннинг турли йўналишларида олимлар етиштириб берди. Шаҳарнинг буюклигини унга, шубҳасиз, ислом дини олиб келди. Бухоро воҳасида жуда қадим замонлардан бир қанча йирик шаҳарлар бўлган: Пойкент, Ромитон, Варахша ва Вобкент шулар жумласидан. Бухоро шаҳрининг ёшини тарихчилар 2 500 йилдан кўпроқ деб ҳисоблайди.

Бухоро. Исмоил Сомоний мақбараси.

Фото: Google Photos

Бухоро воҳаси VIII–IX асрларгача Кампир девор деб номланган 250–300 километрли девор билан ўраб олинган деган маълумотлар бор. Турли даврларда ҳукмдорлар ушбу деворни таъмирлаб борган. Аммо сомонийлар даврига келиб девор таъмирланмасдан қолиб кетди. Бунга сабаб қилиб Исмоил Сомоний машҳур «Токи мен тирик эканман, Бухоронинг девори ўзим бўламан» деган гапини келтиради. Шайбонийлар даврига келиб Бухоро шаҳри 25 километр узунликдаги девор билан ўраб олинди.

Бухорода сомонийлар ва қорахонийлар даврида кўплаб қурилиш иншоотлари, мадрасалар, масжидлар, жамоат бинолари, ҳаммомлар қурилди. Марказий Осиёдаги илк мадраса ҳам айнан Бухорода қурилган бўлиб, у Фаржак деб номланган. Ушбу бинолардан кўпчилиги мўғуллар босқини пайтида бузиб ташланди. Мўғуллардан олдинги қурилишлардан Исмоил Сомоний мақбараси, Минораи Калон, Вобкент минораси, Мағоки аттор каби иншоотлар сақланиб қолди.

Навбатдаги йирик қурилишлар шайбонийлар, жумладан, Абдуллахон II ҳукмронлиги йилларида амалга оширилди. Аштархонийлар ҳукмронлиги йилларида ҳам бир қанча қурилишлар амалга оширилди. Манғитлар сулоласи даврига келиб эса йирик қурилишлар бир мунча кам амалга оширилди. Асосан саройлар қурилган бу даврда. Когонда, Бухоро шимолида, Қримда амир саройлари, Санкт-Петербург жоме’ масжиди айнан манғит ҳукмдорлари томонидан қурдирилган.

Бухорога ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бориши шарт бўлган бир қанча тарихий бинолар бор. Улар Исмоил Сомоний мақбараси, Пойи калон мажмуаси, Ситораи Моҳи-Хоса саройи.

Исмоил Сомоний мақбараси IX–Х асрлар ноёб ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади. Сабаби у ислом оламидаги илк бунёд этилган мақбаралардан, шунингдек, гумбазли қилиб қурилган илк мақбара ҳисобланади. Бинонинг тархи квадрат шаклда бўлиб, тўрт томони бир хил 11 метрни ташкил қилади. Бино томи гумбаз билан ёпилган. Тўрт томонидан кириш эшиклари бўлган, ҳозир фақат бир томонидан кирилади. Кириш эшиги тепасидаги ёғоч лавҳда мақбара қурилганига доир ёзувлар қисмлари сақланиб қолган. Мақбаранинг ўзига хос жиҳати ғиштларининг худди тўқилгандек қилиб терилганидир.

Бухоро. Пойи Калон ансамбли.

Фото: Google Photos

Айнан мана шу услуб унинг қуёш нури тушишига қараб ўз рангини ўзгартириб туришига ёрдам беради. Бу ўз навбатида бинонинг безаги ҳам ҳисобланади. Деворнинг тўрт тарафидан юқори қисмида кичик дарчалар қўйилган бўлиб, мақбара ичидаги ҳавонинг мўътадиллашиб туришига ва ҳаво айланишига ёрдам беради. Унинг бу пайтгача етиб келишига узоқ йиллар қум остида сақлангани сабаб ҳисобланади. ХХ асрнинг 30 йилларида археолог Шишкин изланишлари натижасида унинг жойини аниқлаб, атрофидаги қумликларни олиб ташлайди. Мақбара атрофи қабристон бўлган бўлиб, Киров парки қурилиши сабабидан қабристон бошқа ҳудудга кўчирилган. Бугунги кунда мақбара жойлашган ҳудуд Бухоро марказий истироҳат боғи деб юритилади.

Бухоронинг ташриф қоғози, шубҳасиз, Пойи Калон мажмуасидир. Мажмуа Арслонхон минораси, Катта жоме’ масжиди ва Мир Араб мадрасасидан ташкил топган. Мажмуадаги энг қадимий бино бу халқ орасида Минораи Калон, яъни Катта минора деб юритиладиган Арслонхон минорасидир. Минора 1127 йилда қорахонийлар ҳукмдори Арслонхон Муҳаммад буйруғига кўра, Уста Бақо бошчилигидаги қурувчилар томонидан қурилган. Ер сатҳидан тўққиз метр чуқур, баландлиги 46,5 м (айрим манбаларда 48, 50 метр), курсиси қиррадор, танаси ғўласимон, тепаси гумбазли давра қафаса-кўшк билан боғланган.

Минора юқорига ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Қафасасидаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 104 пиллапоя айланма зина орқали чиқилади. Масжиди Калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча бўлган. Минораи Калоннинг ўзаги ҳам, безаги ҳам чорси ғишт ганчхок лойида терилган. Безак ғишти ўрнига қараб турли шаклда, сирти силлиқ пардозланган. Устма-уст жойлашган турли хил ҳандасавий шаклдаги бежирим безакли ҳалқалари ғиштин данданалар билан ҳошияланган.

Безаклар орасида тарихий ва диний мазмундаги куфий ёзувлар учрайди. Муқарнас остидаги мовий ранг сиркор ҳалқаларнинг ҳар бири турли хил ҳандасавий шаклда безатилган (кейинчалик тўкилиб кетган). Минораи Калон шу турдаги қадимий иншоотлар орасида алоҳида ўрин тутади. Шаклларнинг ўзаро монандлиги ва мутаносиблиги, ҳандасавий уйғунлик, ажойиб кўрк ва маҳобатлилик Минораи Калонга чинакам гўзаллик бағишлайди. 1920 йилги Совет армиясининг Бухоро шаҳрига қилган ҳужуми оқибатида минора шикастланди. 1924 йилда уста Ширин Муродов бошчилига муқарнаси ва танаси таъмирланди.

Ансамблнинг кейинги иншооти Масжиди Калондир. Масжид ўрнида дастлаб XII асрда қурилган эски масжид бўлган. Бузилиб кетган масжид пойдевори ўрнида XIV–XV асрларда масжид қурилиши бошланган. XVI аср бошига келиб тўлиқ тугалланган. Масжид тўғри тўртбурчак тарҳли, кенг ҳовли атрофини гумбазли бостирма айвон эгаллаган. 288 қубба (гумбазча) 208 устунга таянган. Улар ўзига хос маҳобатли кўринишга эга бўлиб, устунларга кейинчалик мурабба тарҳли поюстунлар ўрнатилган.

Бухоро. Масжиди Калон.

Фото: Google Photos

Ҳовлининг тўрт томони марказида нақшинкор пештоқлар бор. Шарқдаги ташқи улкан пештоқ маҳобати ва муҳташам безаги билан алоҳида ажралиб туради. Масжиди калоннинг ташқи томондан етти эшиги бўлиб, асосий шарқий дарвоза олдида ва ичида кенг айвонлар жойлашган. Масжидга кириш учун зинадан пастга қараб тушилади. Пештоқ равоғидаги болохона ва унинг ён томонидаги қиррали равоқлар кошин ва сирланган ғиштлар билан безатилган. Айниқса, ганчкори равоқлар алоҳида ажралиб туради.

Пештоқ орқали ҳовли тўри (юқориси)даги хонақоҳ мақсурага ўтилади. Хонақоҳнинг ташқи пойгумбази баланд, мовий гумбази узоқдан кўзга ташланиб туради. Ички гумбаз ости бағалларига «қолибкори» услубида қатор майда 16 та равоқча  ишланган. Меҳроб безаклари нафис кошинкорлик санъатининг юксак намунасидир, унда уста Боёзид Пуроний номи ва 1514 йил санаси кўрсатилган. Пештоқ олдидаги саҳнда кичик кўшк бор бўлиб, Амир Олимхон буйруғи билан мўғуллар босқини пайтида ҳалок бўлган болалар руҳига атаб қурилган деган маълумотлар бор.

Марказий Осиёдаги қурилганидан буён ҳали бирор марта ўз фаолиятини тўхтатмаган, Марказий Осиёнинг илм бешикларидан бўлган Мир Араб мадрасаси мажмуадаги нисбатан кечроқ қурилган иншоот ҳисобланади. 1530–35 йиллар орасида Бухоро ҳукмдори Убайдуллохон буйруғига биноан ўзининг диний раҳнамоси Саид Абдуллоҳ Яманий – Мири Арабга атаб қурилган. Қурилиш ишларини Мири Арабнинг ўзи назорат қилиб борган. Мири Араб Хожа Аҳрори Валийнинг шогирдларидан бўлиб, асли яманлик, нақшбандия тариқатининг шайхларидан ҳисобланадилар.

Бугунги кунда мадраса Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси тасарруфида бўлиб, толиби илмлар диний илмларини олишлари мумкин. Мадрасада араб, инглиз, рус ва форс тиллари ҳам ўргатилади.

Бухородан тўрт километр шимолда жойлашган Ситораи Моҳи-Хоса – Бухоро амирининг ёзги қароргоҳи ўзининг архитектураси ва безаклари билан шаҳарнинг бошқа иншоотларидан ажралиб туради. Дастлаб бу ерда XIX аср бошларида Амир Насрулло буйруғи билан, кейинчалик Амир Музаффар, Амир Абдул Аҳадлар буйруғи билан бир қатор иншоотлар барпо этилган. Аммо улардан фақатгина ташқарида жойлашган Амир Абдул Аҳадга тегишли эски сарой сақланиб қолган.

Амир Саййид Олимхон ҳукмронлиги йилларида бу ерда янги сарой қурдиради. Ситораи Моҳи-Хоса сарой мажмуаси ички ва ташқи ҳовли, ҳарам, меҳмонхона, амир аёллари ётоқхонасидан иборат бинолардан ташкил топган. Ташқи ҳовлига асосий дарвозадан кирилган. У ерда амир ҳунармандлари ўз фаолиятини олиб борган. Халқ сайиллари, расмий қабул маросимлари пайтида турли кўргазмалар ташкил этилиб турилган. Кичик дарвоза орқали ички ҳовлига ўтилган.

Бухоро. Ситораи Моҳи-Хоса.

Фото: Google Photos

У ерда кирилл алифбосидаги П ҳарфи шаклида бинолар қурилган бўлиб, улар ошхона, мирзохона, базмхона, шахмат хонаси, кутиш зали, қабул маросимлари ўтказиладиган катта оқ уй ҳамда амир ётоқхонаси ва шимол томонда узун айвондан иборат. Ушбу янги сарой ўзбек ва рус архитекторлари ҳамкорлигида қурилган. Шунинг учун унинг ташқи кўриниши европача, ички безаклари шарқона услубда ишланган. Марказий Осиёга хос бўлмаган катта дераза ва эшиклар, бири иккинчисига уланиб кетадиган хоналар тарзида қурилган.

Хоннинг қабул маросимлари ўтказиладиган Хонаи сафед – оқ хона(уй) машҳур ганчкор уста Ширин Муродов раҳбарлигида икки йилда тамомланган. Ганчдан ишлангани туфайли хона шундай номланган. Оқсарой ичкариси шарқнинг жимжимадор, нафис нақшлари жозибадор гуллари билан уйғунлашган. Деворнинг кўзгулардан иборат бўлиши ва гулганчдан ишланган безакларнинг кўзни қамаштирадиган даражада оқлиги хонани кўркам қилиб кўрсатади. Кутиш хонаси ҳам деворий нақшлар ила безатилган бўлиб, қабулни кутаётган одам зерикиб қолмаслиги учун шундай безатилган.

Базмлар ўтказиладиган хона ва шахмат хонаси ҳам турли хил ранглар ёрдамида турфа нақшлар билан безатилган. Базмхонанинг безаклари йил фаслларига қараб алмаштириб турилган. Ҳозирги ҳолат куз фаслини ифода этади. Сабаби амирлик тугатилганда шу ҳолича қайта безатилмаган. Мажмуадаги саккиз бурчакли қилиб қурилган Хонаи Ҳашт – меҳмонхона вазифасини ўтаган. Меҳмонхонанинг марказий хонаси ўзининг тилла суви билан ишланган безаклари киши кўзини қувнатади.

Ҳовлининг жануб томонида амир аёллари ва онасига атаб қурилган хонаи хоб, яъни ётоқхона мавжуд. Ушбу бино Мавритания услубида қурилган бўлиб, безаклари унча яхши сақланмаган. Хонаи хоб ёнидаги ҳовуз сув манбаи вазифасини ўтаган ҳамда ҳовлига ва боғга салқинлик бахш этиб турган. Мажмуанинг ҳарам қисми эса шикастланган ҳолатда сақланган. Бугунги кунда саройда Бухоро ўлкашунослик музейи жойлашган.

Бухоро шаҳри ISESCO томонидан 2020 йил «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилинди.

Ал Хоразмий ватани Хива

Ўрта асрлар шаҳарлари қиёфасини ҳанузгача сақлаб келаётган Марказий Осиёдаги ягона шаҳар Хивадир. Бундай дейишимизга сабаб унинг ўша даврларга хос мудофаа деворлари билан ўралганлиги. Хива шаҳрини афсоналарга кўра Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сом алайҳиссалом қурган дейилади. Аммо Хиванинг номи Х асрдан бошлаб ҳужжатларда тилга олина бошлайди.

Хива. Ичан қалъа.

Фото: Google Photos

Масалан, Х асрда яшаган тарихчи Истаҳрий Хивани ўша даврнинг энг йирик 30 та шаҳардан бири дейди. Шаҳар номи Ичан қалъада жойлашган Хейвақ қудуғидан олинган. Бундан ташқари, осетин тилидаги «Хиаув» қалъа сўзидан ёки антик даврда шаҳар яқинида оқиб ўтган Хейканик, ҳозирги Полвонёп канали номидан келиб чиққан деган қарашлар ҳам мавжуд. Хива шаҳри XVI–ХХ асрларда Хоразм (Хива) хонлигининг пойтахти вазифасини ўтаган.

Хива шаҳридаги Ичан қалъа меъморий мажмуаси 1990 йилда ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Ичан қалъа ички шаҳар демакдир. XIX аср бошида шаҳар аҳолиси кўпайгач, одамлар девор ташқарисига чиқиб ўрнаша бошлаган. Шунда Хоразм хони Муҳаммад Раҳимхон I ташқаридаги аҳолини ташқи ҳужумлардан асраш мақсадида иккинчи деворни тиклатади. Шу тариқа шаҳар икки қисмга: Дишан қалъа (ташқи шаҳар) ва Ичан қалъа (ички шаҳар)га бўлинади. Аммо ташқи деворлар ХХ асрда шаҳар кенгайиши натижасида бузиб ташланган. Дишан қалъанинг бир нечта дарвозалари сақланиб қолган. Ичан қалъа эса деворлари таъмирланган ҳолатда сақланиб қолган.

Ичан қалъа деворининг узунлиги 2 200 метр, баландлиги 10 метр, кенглиги беш-олти метрни ташкил этади. Шаҳар деворларининг ёши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Шаҳарга тўртта дарвозадан кирилади: ғарбдан Ота дарвоза, шарқдан Полвон дарвоза, шимолдан Боғча дарвоза, жанубдан Тош дарвоза. Ичан қалъа меъморий обидалари ўз шакли ва безаклари жиҳатидан бошқа шаҳарлардан ажралиб туради.

Ичан қалъадаги сақланиб қолган энг қадимий иншоот Саййид Аловуддин мақбараси бўлиб, XIV асрда қурилган. У киши Нақшбандия тариқати шайхларидан бўлганлар. Биноларнинг аксарияти XVIII–XIX асрларга оид. Ичан қалъада иккита хон қароргоҳи мавжуд: Кўҳна арк ва Тошҳовли саройи. Ичан қалъанинг энг кўзга кўринган меъморий иншоотлари Жума масжиди, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Тошҳовли Саройи, Исломхўжа минораси ва Муҳаммад Аминхон минораси ёхуд машҳур Калта минор.

Нафақат Хиванинг, балки бутун Хоразмнинг рамзига айланган Муҳаммад Аминхон минораси, халқ орасида кўпроқ Калта минор номи билан машҳур минора XIX асрда қурилган. 1855 йилда хон Муҳаммад Аминхон вафоти муносабати билан қурилиш ишлари якунига етмаган. Аммо шу ҳолида ҳам ўзининг маҳобати билан кишиларни ҳайратда қолдиришда давом этмоқда.

Хива. Минораи Калон.

Фото: Google Photos

Минора баландлиги 26 метр, асосининг диаметри 14 метр. Безагида оқ, яшил, феруза рангли кошинлар қўлланилган. Феруза рангли кошин кўп ишлатилганидан кўкминор деб ҳам аталади. Аммо миноранинг расмий номи Муҳаммад Аминхон минораси. Ўша пайтларда одамлар уни Улли минор, яъни катта минор деб ҳам атаганлар. Минора тепа қисмида Огаҳийнинг насталиқ хатида ёзилган шеърий тарихи битилган. Минора тугатилганида 70 ёки 100 метр баландликка етиши керак бўлган.

Минора ҳақида кўплаб афсоналар тўқилган. Эмишки, минора довруғини эшитган Бухоро амири меъмор билан Бухорода ҳам худди шундай минора қуриш бўйича яширин битим тузади. Бундан хабар топган Хива хони меъморни иш битганидан сўнг қатл қилмоқчи бўлади. Буни эшитган меъмор ўзига қанот ясаб Эрон тарафларга учиб кетган экан.

Хиванинг яна бир кўзга кўринган иншооти Жума масжиддир. Ушбу масжид меъморий жиҳатдан улкан бўлмаса ҳам ичидаги ёғоч устунлари сабабли кишида ўзгача завқ бағишлайди. Масжид ичи худди устунли ўрмонга ўхшайди. Масжид Х–XVIII асрларда қурилган ва кенгайтирилган. Сўнгги қурилиш XVIII асрда Абдураҳмон Меҳтар буйруғига кўра амалга оширилган. Х асрда қурилган масжид ҳақида Истахрий ва ал-Мақдисийлар ёзиб қолдирган. Аммо у масжид бузилиб кетган.

Масжид ичидаги устунлар сони 213 та, ҳар бир устун орасидаги масофа 3,15 метрни ташкил қилади. Масжид устунлари ёғоч ўймакорлиги санъатининг юксак намуналари сифатида баҳоланади. Ҳеч бир устун бир-бирининг безакларини такрорламайди. Устунлар орасида тўрттаси энг қадимийлари бўлиб, тахминан Х асрга оид илк масжиднинг устунлари вазифасини ўтаган. Устунларда куфий хатида масжиднинг нақшли қилиб фақиҳ Абул Фазл Муҳаммад Лайсий фармонига биноан қурилгани ёзилган.

Масжид томидан икки жойдан туйнуклар очилган бўлиб ичкарига ёруғлик ўша туйнуклардан кириб турган. Масжид ичида, шунингдек, сақохона ҳам бор бўлиб, мармар қозонга ёзнинг иссиқ кунларида муздек сув, Рамазон ойларида ифторлик учун шарбат тўлдириб қўйилган. Меҳроби жануб томонда бўлиб, унинг икки ёнида деворда бир нечта туйнукчалар тешилган. Улар ўзига хос овоз кучайтиргич вазифасини ўтаган. Меҳроб томи ҳам баландроқ қилиб қурилган. Бу ҳам имомнинг овозини кучайтиришга хизмат қилган. Масжид ёнида минора бўлиб, баландлиги 33 метр, баъзи манбаларда 46 метр.

Хива меъморчилигининг ўзига хос услубларидан бири безак ишларида фақат кошинлардан фойдаланиши ва рангларнинг бир хиллигидир. Ичан қалъа биноларининг безак ранглари асосан уч хил: кўк, яшил ва оқ. Хива кошинпазлигининг юксак намуналарини Кўҳна арк ҳамда Тошҳовли саройларининг ҳовлилар ва айвонлари безакларида учратиш мумкин. Ичан қалъа безакларида Хиванинг бунёдкор хони Оллоҳқулихон ва унинг қўл остида ишлаган уста Абдуллоҳ жинларнинг хизматлари беқиёсдир. Жумладан, Оллоҳқулихон шаҳарнинг шарқий қисмида бир қатор қурилиш ишлари, Кўҳна Арк, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси кабиларда қайта таъмирлаш ишларини амалга оширган.

Тошҳовли саройи ҳам айнан Оллоҳқулихон буйруғига кўра 1830–38 йилларда амалга оширилган. Тошҳовли саройи учта катта ва тўртта кичик ҳовлилардан иборат бўлиб, 119 та хонадан ташкил топган. Ҳовлилардан энг йириклари ҳарам, кўринишхона ва меҳмонхона ҳовлиларидир. Қолган кичик ҳовличалар эса бошқаларига ўтишда ишлатилган. Кўринишхона ва меҳмонхонадан ҳарам ҳудудига махсус йўлак орқали фақат хон ўтиши мумкин бўлган.

Кўринишхонада хон қабул маросимларини ўтказган. Ҳовли марказига ўтов ўрнатиладиган махсус супа қурилган. Унда хон кўчманчи қабилалар раҳбарларини қабул қилган. Айвон ва ҳовли деворлари Хиванинг ўзига хос бўлган анор, бодом, қалампир безаклари туширилган кошинлар билан безатилган. Меҳмонхона ҳовлиси ҳам худди шундай кошинлар билан безатилган. Айвонда овқатланадиган катта хона, ҳовлида ўтов ўрнатишга мўлжалланган иккита супа қурилган. Ҳовли четларида эса меҳмонлар учун хоналар бор.

Ҳарам энг катта ҳовли бўлиб, бу ерда хоннинг аёллари ва канизаклари яшаган. Ҳарамда бешта айвон қурилган, ҳар бир айвонда биттадан ётоқхона мавжуд бўлган. Биринчи айвонда хон, кейингиларида унинг аёллари яшаган. Ҳар бир айвон кошинлар билан бир-биридан фарқли қилиб безатилган. Аммо манбаларда бу сарой, асосан, валиаҳдга хизмат қилгани айтилган. Жумладан, Вамбери ўз хотираларида шундай маълумотни қолдирган. Саройнинг Тошҳовли дейилишига сабаб унинг пишган ғиштдан қурилгани ёки баланд деворлар билан ўралиб мустаҳкамлангани учундир. Тошҳовли саройи ёнида Оллоҳқулихон тими, карвонсаройи ва мадрасаси, шунингдек, Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси бор.

Мамлакатимиздаги асрлар юкини кўтариб келаётган мавжуд тарихий обидалар, қадамжолар барчамизнинг ғуруримиз. Улар бизга аждодлардан қолган буюк мерос. Уларни асраб, авайлаб келажак авлодларга бус-бутун етказиш барчамиз учун муҳим вазифадир. Ҳар биримиз юртимиздаги тарихий обидаларнинг тарихини билишимиз ва ўз фарзандларимизга ўргатишимиз лозим.