Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилар учун яна бир «лайк» турини киритди. Бу ҳақда The Verge хабар бермоқда.

Фото: Twitter / Alexandru Voica

«Ёқди» тугмасининг янги тури юракча ушлаб турган смайлик кўринишида бўлиб, компания ушбу «ғамхўр лайк» (care reaction) коронавирус пандемияси пайтида одамларнинг бир-бирга ҳамжиҳатлигини янада яхшироқ ифодалашга ёрдам беришига умид қилган.

У ижтимоий тармоқнинг компьютер версиясида ва мобил иловасида кейинги ҳафтадан бошлаб пайдо бўлади. Шунингдек, мессенжерда ҳам яна бир реакция тури — анимация кўринишидаги уриб турувчи юрак киритилиши маълум қилинган.

Facebook иловаси раҳбари Фидзи Симонинг сўзларига кўра, ушбу янги киритмалар коронавирус пандемияси тугаганидан кейин ҳам қолиш-қолмаслиги одамлар ундан қандай фойдаланишига боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, Facebook 2016 йилда оддий «лайк»га 5 та: юракча, кулаётган, йиғлаётган ва ҳайрон қолган эможини қўшган эди. Бунгача фойдаланувчилар айрим постларга, масалан, нохуш хабарларга «ёқди» босиш ноўрин бўлишидан шикоят қилганди.