Ўзбекистонда 18 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра жами 1450 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса (уларнинг тўрт нафари вафот этган, 156 нафари соғайиб, реабилитацияга олинган), айни вақтда 353 нафар бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида маълум қилди.

Нурмат Отабеков.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Давлат бош санитария инспекторининг Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти тақдим этган ахборотга асосланиб маълум қилишича, 18 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра ушбу институт клиникасида даволанаётган 102 нафар беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти. Тўрт беморнинг аҳволи оғир, бир беморнинг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 98 бемордан икки нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 153 беморнинг 46 нафарида пневмония белгилари кузатилмоқда, етти беморнинг аҳволи оғир, бир беморнинг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда.