Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 19 апрель куни велосипедда сайр қилиб, Ашхободнинг жанубий қисмида қурилаётган янги биноларни кўздан кечирди.

Фото: ТDH

ТDH давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, велосайр Туркманистон давлат гербида тасвирланган ахалтака зотидан бўлган Янардағ оти шарафига ўрнатилган ёдгорликдан бошланган.

Сайр чоғида президент Ашхободнинг жанубида қурилаётган иншоотлар: Халқ маслаҳати аппарати мажмуаси, конгресс-марказ, меҳмонхона, шунингдек, «Туркманбоши» ва «Сенегат» банклари биноларини бориб кўрган.

Бундан ташқари, Бердимуҳамедов велосипедчига атаб қурилаётган ёдгорликни ҳам кўздан кечирган. У май ойида, Велосипед куни арафасида, очилиши режалаштирилган.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Хабарда айтилишича, Бердимуҳамедов велосипедда 20 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, Бетарафлик (Нейтралитет) ёдгорлиги олдида велосайрни тугатган.

Қайд этилишича, инқироз ва даромадлар пасайиши туфайли Гурбангули Бердимуҳамедов қурилишни қисқартириш ва фақат энг зарур объектларни қуришни буюрган.