Афғонистоннинг шимолида жойлашган Бадахшон вилояти расмийлари ИШИД ва «Ал-Қоида» ҳамда улар билан боғлиқ гуруҳлар минтақада ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга уринаётганини маълум қилди. Бу ҳақда TOLONews хабар берди.

Фото: TOLONews

Маҳаллий расмийларнинг айтишича, тахминан 400 нафар жангари — ИШИД, Тожикистоннинг ҳарбийлашган «Ансаруллоҳ» гуруҳи, Шарқий Туркистон ислом ҳаракати, Ўзбекистон исломий ҳаракати ва уйғурлик жиҳодчилар каби турли террорчилик гуруҳлари билан боғлиқ. Мазкур жангарилар вилоятнинг турли қисмларида ҳаракат қилади, асосан Журам уездидаги Хастак водийсида фаол ҳисобланади.

Бадахшон Хитой билан 100 километр, Покистон билан 450 километр, Тожикистон билан 800 километрдан ортиқ масофада чегарадош ҳисобланади. Бироқ ҳарбийларнинг сўзларига кўра, Покистон билан чегарадош бўлган Хастак водийси стратегик ҳудуд сифатида мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида маҳаллий ва хорижий жангарилар учун муҳим ҳисобланади.

«Улар катта куч билан ҳаракат қилиш учун ўзларининг учинчи базасини Бадахшонда мустаҳкамлашни истамоқда», — дея маълум қилган Бадахшон вилояти губернатори Закария Савдо. Губернатор бу ҳолатни Афғонистондаги ва Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнлари учун катта хавф деб ҳисобламоқда.

Бадахшон вилояти кенгаши раҳбари Жавед Можажиддийнинг айтишича, жангарилар Вардуж, Ямган уездларида ва Хастак водийсида уруш бошламоқчи. Халқаро террорчилар Бадахшондаги урушга раҳбарлик қилишни бошлаган.

Помир армия корпуси баталёни қўмондони Лотуфулла Ализайнинг маълум қилишича, мазкур ҳудудда 600 нафардан ортиқ маҳаллий ва халқаро террорчи мавжуд. Бадахшон полицияси раҳбари Асадулло Муҳаммадий ҳудудни террорчилардан тозалаш учун авиациядан кўмак сўраган.

Ализайнинг қайд этишича, террорчилар очиқ чегаралар орқали хорижга олтин экспорт қилишдан яхши даромад олади. ИШИД ва «Ал-Қоида»ни қўллаб-қувватловчи 600 нафар террорчидан ташқари, Бадахшоннинг 22 та туманида «Толибон» ҳаракатининг 2000 нафар аъзоси ҳукуматга қаршилик кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳарида АҚШ ва «Толибон» ўртасида тинчлик битими имзоланди. Унинг шартларига кўра, «Толибон» бошқа террорчилик гуруҳлари билан ҳар қандай ҳамкорликдан бош тортиши керак, шунингдек, ўзининг беш минг нафар тарафдори озод қилиниши эвазига минг кишини озод қилиши керак.

Расмий Кобул 9 апрель куни «Толибон»нинг асирга олинган 100 нафар аъзосини қўйиб юборган. 10 кундан кейин «Толибон» афғонистонлик ҳарбийларнинг жами 60 кишидан иборат учта гуруҳи қўйиб юборилганини маълум қилган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.