АҚШнинг Нью-Йорк штатида уйда боқилаётган икки мушукда коронавирус қайд этилди. Бу ҳақда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази (CDC) вакиллари берган маълумотга таяниб Associated Press хабар бермоқда.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, бу — АҚШда уй ҳайвонларида коронавирус борлиги тасдиқланган биринчи ҳолат. Вирус одамдан юққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Мушукларда нафас олиш касаллигининг енгил белгилари кузатилмоқда. Мушуклар штатнинг турли қисмларида жойлашган.

CDC вакили Кейси Бартоннинг таъкидлашича, ҳозирча ҳайвонлар одамларга вирус юқтириши мумкинлиги ҳақида далиллар йўқ. «Биз одамлар ваҳима қилишларини хоҳламаймиз. Улар уй ҳайвонларидан қўрқишини истамаймиз», — деган у. Шу билан бирга, CDC мутахассислари пандемия пайтида ўз итлари ва мушукларини бошқа уй ҳайвонларига, шунингдек, бегона одамларга яқинлаштирмасликни тавсия қилган.

Аввалроқ Нью-Йоркдаги Бронкс ҳайвонот боғида йўлбарс коронавирус юқтириб олгани хабар берилган эди. Бу — дунёда йўлбарснинг коронавирусга чалиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат, АҚШда эса ҳайвоннинг коронавирус юқтириб олгани аниқланган биринчи ҳолат эди. Ҳайвонот боғида йўлбарсга мазкур инфекция уни парваришлаётган ходимдан юққан бўлиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.