Ўзбекистон ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 2019 йилда 17,6 миллиард доллар ёки ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 30,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида маълум қилинган.

Фото: «Дарё»

Вазирлик ахборотига кўра, 2019 йил давомида давлат ташқи қарзи 5,7 миллиард долларга ёки йил бошига нисбатан 57,8 фоизга ошиб, 2020 йил 1 январь ҳолати бўйича 15,6 миллиард долларга ёки ЯИМга нисбатан 27,0 фоизга етган.

Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз миқдори 10,7 миллиард долларни, ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз миқдори эса 4,9 миллиард долларни ташкил қилган.

Маълум қилинишича, давлатнинг ички қарзи 19,02 триллион сўмни ёки 1,997 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,5 фоизни ташкил этган. Бунда ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз 1,3 триллион сўмга (131,5 миллион доллар), ҳукумат кафолатлаган ички қарз 17,7 триллион сўмга (1,865 миллиард доллар) тенг бўлган.

Давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиш динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан 30,5 фоизни, шу жумладан, давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 27 фоизни ташкил этиб, мўътадил даражада сақланиб қолмоқда, дейилади вазирлик шарҳида.

Ўзбекистон ҳукумати номидан жалб қилинган (10,7 миллиард доллар) ва унинг кафолати остида (4,9 миллиард доллар) жалб қилинган ташқи қарздорлик асосан таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. Мазкур битимлар доирасида молиялаштириладиган лойиҳалар Самарқанд ва Тошкент вилоятлари аҳолисининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга, таълим ва ижтимоий муҳофазани ривожлантириш, қишлоқ жойларида тадбиркорликни ривожлантириш каби лойиҳаларни ўз ичига олади.

Мазкур қарздорликлар Давлат бюджети ҳисобидан ҳамда қисман қарздор корхоналарнинг маблағларидан қопланади.

Ўзбекистон Давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 67,1 фоизи — АҚШ доллари, 12,6 фоизи — япон иенаси, 9,7 фоизи — СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 6,6 фоизи — евро, 4 фоизи — бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

Мазкур қарз маблағларининг асосий қисми мамлакатдаги давлат корхоналари томонидан юқори рентабеллик ва экспортга йўналтирилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб этилган бўлиб, кредитларнинг катта қисми узоқ муддат (30 йилгача) ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган, дейилади шарҳда.

2019 йилда давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағларидан) 759,3 миллион долларни ташкил этган. Шундан асосий қарз тўловлари учун 425,1 миллион доллар, фоиз тўловлари учун 334,3 миллион доллар йўналтирилган.

Мазкур даврда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилган давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 249,2 миллион долларни ташкил этди. Шундан асосий қарз тўловлари учун 165,4 миллион доллар, фоиз тўловлари учун 83,8 миллион доллар ажратилган.

Аввалроқ Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 1,6 миллиард доллар қарз олиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Президентининг 22 апрелда имзоланган қарорига кўра, пандемия оқибатларини камайтириш учун 2020 йилда 3,1 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилмоқда.