Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун халқаро молия институтларининг 3,1 миллиард доллар миқдоридаги кредитларини жалб қилиш ниятида. Президент Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни бу борадаги тегишли қарорни имзолади.

Фото: «Дарё»

Ҳужжат билан пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун грантларни жалб қилиш ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Ушбу маблағлардан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга — 277,5 миллион доллар, тадбиркорлик ва банк тизимини қўллаб-қувватлашга — 700 миллион доллар, давлат бюджетига — 1,8 миллиард доллар, коммунал ва энергетика корхоналарига 300 миллион доллар йўналтирилади.

Ўзбекистон маблағларни жалб қилмоқчи бўлган молиявий институтлар рўйхатига Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилма инвестиция банки киритилган.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон коронавирус пандемияси шароитида тараққиёт банкларидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 1,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз олишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев март ойида имзолаган фармонга мувофиқ, Молия вазирлиги қошида Инқирозга қарши кураш фонди тузилган ва унга коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва эпидемиянинг иқтисодиётга таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар учун 10 триллион сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилганди.