Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлаш учун 95 миллион долларлик молиялаштириш дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Akipress

Маълум қилинишича, лойиҳа маблағлари миллий соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, шунингдек, пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан азият чеккан кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга сарфланади.

«Жаҳон банкининг молиялаштириши халқаро ривожланиш бўйича ҳамкорлар коалицияси томонидан ташкил этилган аҳолини пандемия хавфидан ҳимоя қилишда ҳукуматга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида тақдим этилади. Ҳукумат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг бошқа агентликлари, халқаро молиявий институтлар, шу қаторда, Жаҳон банки гуруҳи, икки томонлама ёрдам агентликлари ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан, «Чегара билмас шифокорлар» ушбу оғир вазиятда мамлакатни қўллаб-қувватлашда хайрихоҳлик билдирмоқда», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

Ушбу лойиҳа доирасида Жаҳон банки кўмаги билан коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг профилактикаси ва тарқалишини назорат қилиш учун миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга 38 миллион доллар сарфланади. Маблағлар шахсий ҳимоя воситаларини, дори-дармонларни ва ҳаётий зарур тиббий асбоб-ускуналарни, шу жумладан, ўпкани сунъий нафас олдириш қурилмаларини сотиб олиш, коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган шифохоналарни жиҳозлаш учун ҳам ишлатилади.

Лойиҳа бўйича 57 миллион доллар атрофидаги маблағлар кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ишсиз фуқароларга бир марталик тўловларни амалга ошириш бўйича давлат дастурларини кенгайтириш учун сарфланади.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга ажратадиган кредити учун қўшимча шарт қўймаслигини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2019 йилда жалб қилинган қарз миқдорини маълум қилган эди. Ўзбекистон Президентининг 22 апрелда имзолаган қарорига кўра, пандемия оқибатларини камайтириш учун 2020 йилда 3,1 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилмоқда.