Америкалик астроном Эдвин Хаббл номидаги космик телескоп коинотга учирилганига 30 йил тўлди, деб хабар беради NASA.

Фото: NASA

“Хаббл” телескопи 1990 йил 24 апрелда Discovery STS-31 шаттлида ҳисоб орбитасига олиб чиқилган.

NASA телескоп иш бошлаганига 30 йил тўлиши муносабати билан қурилма томонидан олинган янги суратни тақдим этди: «Хаббл» Катта Магеллан булутларидаги («Сомон йўли» галактикасининг табиий йўлдошлари) NGC 2014 ва NGC 2020 туманлигини суратга олишга муваффақ бўлган.

Телескоп фаолияти давомида унда 1,4 миллион маротаба кузатишлар амалга оширилган, «Хаббл»да олинган маълумотлар 17 минг илмий мақолаларда фойдаланилган. 2018 йилда NASA «Хаббл» яна 10 йил ишлай олишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йили АҚШда «Хаббл» телескопини яратишда иштирок этган астроном Нэнси Грэйс Роман 93 ёшида вафот этганди.