Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида яшовчи 73 ёшли отахон кўкнор гиёҳвандлик ўсимлиги етиштиришда айбланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Қоракўл тумани ИИБ ходими, майор Юсуф Саидов маълум қилмоқда.

Фото: Қоракўл тумани ИИБ

Хабар берилишича, Қоракўл туманининг «Дарғали» маҳалласида яшовчи 73 ёшли отахон Ф.Т. маҳалла чеккасида жойлашган экин майдонларининг бирида бўйи 5 сантиметрдан 25 сантиметргача бўлган 467 туп кўкнор ўсимлигини етиштирган.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган мазкур ҳолат бўйича, отахонга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Қоракўл тумани ИИБ

Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят иши билан айбланган шахснинг айби исботланса, фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.