Журналист Жасур Ҳамроев айни пайтда АҚШга оиласи билан кўчиб кетган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминовнинг Нью-Йоркдаги хонадонида меҳмон бўлди ҳамда хонанда билан интервью ташкиллаштирди. YouTube ва Instagram жонли эфирида уюштирилган интервью давомида аксарият интернет фойдаланувчилари Собиржон Мўминовнинг нима сабабдан ва қандай қилиб АҚШга кетгани билан қизиқди.

Фото: Instagram / @sobirjon_muminov

«Ўғлим Америка ва Германиядаги олий таълим муассасаларига ўқишга топшириб, бир неча университетга ўқишга кирди. Кейин Американи танлади. Ўқишга кетиш чоғида бир ўзи кетгиси келмади. Мен ҳам оилага, фарзанд тарбиясига қаттиққўл, талабчан бўлганим учун ўғлимни бир ўзини жўнатгим келмади. Шундай қилиб бир куни ‘Ада, мен Green Card тўлдираман, чиқади, ҳаммамиз бирга кетамиз’, деди. Мен рози бўлдим, лекин чиқади деб ўйламадим. Бир куни ўғлим келиб, ‘Ада, суюнчи беринг, Green Card чиқди, энди ҳаммамиз бирга кетамиз Америкага’ деб қолди. Шундан кейин Муҳиддин Қориёқубов номидаги филармониядан зўрға жавоб олиб келдим. Мен бутун умр давлатнинг ишида ишлаганман. Ҳар доим ишни биринчи ўринга қўярдим. Ўғлим алдаб-сулдаб Америкага олиб келиб олди. ‘Green Card’ни оласиз-у, кейин орқага қайтасиз’ деганди. Йўқ, Green Card’ни ўзига яраша қонун-қоидалари бор экан, қачон киришингиз, қачон чиқишингиз белгилаб қўйилган экан. Бу нон-туз, насиба. Мана болалар ўқишяпти. Мен эса шу ерда концерт, тўйларни ўтказиб, қўлдан келгунича ўзбек миллий эстрада санъатини АҚШда намойиш этиб келмоқдаман», — дейди Собиржон Мўминов.

Собиржон Мўминовнинг айтишича, Америкада концерт ва тўй тадбирларини ўтказишни ташкиллаштирувчи компания очган. Хонандани тўй хизматига таклиф этмоқчи бўлганлар хизмат ҳақини шу компанияга ўтказади.

«Америкадан ҳар бир соҳада ўрганадиган жиҳатларимиз кўп, айрим жойларда ўргатадиган жиҳатларимиз ҳам бор. Аслида ота-онага бўлган ҳурмат, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бориш, ‘Бисмиллоҳ’сиз бирон ишни бошламаслик, одоб-аҳлоқ, тоза-покизаликда америкаликлар биздан ўрнак олиши керак. Лекин йўлларда қоидаларга риоя этиш, светофорларда тўхташ, масалан, қизилми машина йўқ бўлса ҳам ҳайдовчилар ҳеч қачон ўтиб кетмайди, тўхтаб туради. Бир-бирига йўл беришга ҳам қаттиқ эътибор беради. Ёшми, қарими, эркакми, аёлми ҳаммаси учун қоида бир хил. Супермаркетларда, аэропортларда интизом сезилади», — дейди хонанда Америкада яшашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб.