Бутун дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 3 миллион нафардан ошиб кетди, 878 мингдан зиёд киши касалликдан тузалган. Бу ҳақда АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети маълум қилди. Олийгоҳ статистикани федерал маълумотлар ва маҳаллий ҳокимликлар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбаларнинг ахборотига таяниб юритмоқда.

Фото: France 24

27 апрель Тошкент вақти билан соат 21:30 ҳолатига кўра, бутун дунёда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 3 миллион 2 минг 303 нафарни ташкил қилган, 208 минг 131 киши касаллик оқибатида вафот этган. 878 минг 813 нафар бемор COVID-19’дан тузалган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни коронавирус тарқалишини бутун дунёда пандемия даражасига чиққанини эълон қилганди.

Ўзбекистонда 27 апрель 22:00 ҳолатига кўра, 1904 нафар кишида коронавирус борлиги аниқланган. 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этди, 892 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинган.

Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (42 нафари Россияда), уларнинг тўрт нафари вафот этган.