Нидерландиядаги Шимолий Брабанд провинциясида жойлашган икки фермада қоракўзан (норка)ларнинг коронавирусга чалингани қайд этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва озиқ-овқат сифати вазири Карола Схаутен маълум қилган.

Фото: Global Look Press

Унинг айтишича, ҳайвонларда овқат ҳазм қилиш ва нафас олиш билан бўлиқ муаммолар кузатилмоқда. Касаллик уларда одамдан юққан деб тахмин қилинмоқда, чунки ферма ходимларининг айримларида COVID-19 белгилари кузатилган.

Қайд этилишича, ҳар икки фермада жами 20 мингта  қоракўзан бор. Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида уларни ферма ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш, шунингдек, у ерга кириш тақиқланган. Тиббиёт ходимлари ферма атрофида юрмасликни тавсия қилмоқда.

Аввалроқ АҚШда илк бор мушукларда ҳам коронавирус қайд этилганди. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази вакили Кейси Бартоннинг таъкидлашича, ҳозирча ҳайвонлар одамларга вирус юқтириши мумкинлиги ҳақида далиллар йўқ.

Ундан аввалроқ эса Нью-Йоркдаги Бронкс ҳайвонот боғида йўлбарс коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабар берилган эди. Инфекция унга парваришлаётган ходимдан юққан бўлиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.