«Роскосмос» 1998 ОR2 астероидининг Ерга яқин масофадан учиб ўтиши салбий оқибатларга олиб келиши эҳтимолини рад этмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости»га корпорация матбуот хизмати маълум қилган.

Фото: Shutterstock

Қайд этилишича, диаметри 1,8-4,1 километрга тенг бўлган 52768 (ОR2 1998) рақамли астероид 29 апрель куни Ерга минимал масофада яқинлашади ва тахминан 6,29 миллион километр узоқликда бўлади. Бу Ер билан Ой ўртасидаги масофадан 16 баравар кўпдир. Aстeроид хавфли ҳисобланади, чунки унинг парвоз йўли Ер орбитасини кесиб ўтади.

«Унинг парвози қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида гап-сўзларга асос йўқ. Бундай (йирик) объектларнинг орбиталари доимий равишда ва узоқ вақт давомида ўрганилади ва моделлаштирилади, шу сабабли бу борада қандайдир кутилмаган ҳодисалар йўқ», — деб маълум қилган «Роскосмос»дагилар.

Шунингдек, нисбатан йирик (диаметри 1 километрдан ортиқ бўлган) космик объектларнинг траекториялари етарли даражада яхши кузатилади. «1998 ОR2 астероиди ҳам бундан мустасно эмас», — деб қўшимча қилган «Роскосмос» матбуот хизмати.