Россияда хизмат кўрсатган учувчи Владимир Попов номаълум учар жисмлар одатда сифатсиз бўлиши, учувчилар эса реал ҳаётда ҳаммасини бошқача кўришини қайд этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берган.

Фото: CNN

Учувчи Пентагон эълон қилган ва гўёки номаълум учар жисмлар парвози тасвирланган учта видеони шарҳлади. Видео ҳарбий самолётлар экипажлари томонидан 2004 ва 2015 йилларда тасвирга олинган.

«Учувчилик фаолиятим давомида бир неча марта ғайриоддий ҳодисалар гувоҳи бўлганман. 25 йил аввал мен ва экипаж аъзолари Польша билан чегарадан унча узоқ бўлмаган Лвов яқинидаги ҳудудда номаълум учар объектнинг парвозини кузатганмиз. Ҳанузгача бунинг нима эканини тасаввуримга сиғдира олмайман. Тунги парвозимиз вақти оғир об-ҳаво шароитларига тўғри келди, булутлар орасида эса шаҳар чироқларига ўхшаш ёруғлик кўринди. Ҳисоботимиздан кейин саросима кўтарилмаслиги учун ушбу маълумотни ошкор этмаслик ҳақида тилхат ёзиб берганмиз, эҳтимол, биз бунинг нима эканини аниқлай олмагандирмиз. Ҳозир орадан чорак аср вақт ўтиб, бу ҳақда илк бор гапиряпман», — деган Попов.

Генерал видеодаги номаълум учар жисмлар атмосферага оидлиги, радиолокацион ҳосилалар ёки оптик рўё бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, бунинг янги техника синови бўлиши мумкинлиги, учувчилар эса ушбу тест вақтида бошқа ҳудудга тушиб қолганининг эҳтимоли мавжудлигини ҳам инкор этмади.

«Ёзувда содир бўлаётган ҳодисалар тиниқ эмас, номаълум учар жисмни кўрган америкалик учувчилар буни бошқачароқ нигоҳда кузатган бўлиши мумкин. Қурилмалар ҳар доим биз кўзимиз билан кўрган ахборотнинг маълум қисмини тушириб қолдиради. Маълумотлар асосида ҳодисани қайта жонлантиришда йўқотишлар катта бўлади. Одам миясининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, тушунарсиз нарсани кўрганда воқеани қайта тиклашда тасаввур ишга тушади», — деган генерал.