Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузиш ва унга туташ бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик бўйича апрель ойида 4 123 нафар шахсга нисбатан жами 3 100 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан жавобгарликка тортилган.

Шундан 2 697 нафар шахсга нисбатан жами 2 488 112 816 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган, 1 282 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

92 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси (Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) га асосан жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар)га мувофиқ 52 нафар шахсга нисбатан иш тугатилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1—20 апрель кунлари карантин қоидаларини бузган 918 киши судлангани, уларнинг 421 нафари жами 246 миллион сўм жаримага тортилгани хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин тартиби 10 майга қадар узайтирилди. 29 апрель куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда карантин чекловларини енгиллаштириш бўйича дастлабки чораларни маълум қилди. Унга кўра, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга, куннинг маълум вақтида шахсий автомобилларида ҳаракатланишга рухсат берилди.