Тошкентда юраги касал, COVID-19 коронавирусини юқтириб олган ҳомиладор аёл фарзанд дунёга келтирди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилган.

Фото: ССВ

Хабарга кўра, 24 ёшли У.Б. илк ҳомиладорлиги бўйича оилавий поликлиникада рўйхатда турган. Бемор 2017 йилда туғма юрак нуқсони туфайли мураккаб жарроҳлик операциясини ўтказган.

2020 йилнинг 9 апрель куни Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига 32-33 ҳафталик ҳомила билан ўткир респиратор касаллиги ташхиси билан келган. Тиббиёт муассасасида коронавирус инфекциясига текшириш учун суртма олинган. 10 апрель куни таҳлил натижаси мусбат эканлиги аниқланган.

Шундан сўнг ҳомиладор аёлга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида оғир аҳволда Тошкентдаги 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган.

Туғруқ мажмуасида кардиохирург, кардиолог, пулмонолог, инфекционист, терапевт, анестезиолог-реанематолог ва акушер-гинекологлар томонидан аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарурий текширувлардан сўнг керакли даволаш чора-тадбирлари белгиланган.

Кардиохирург томонидан туғруқни жарроҳлик йўли билан амалга ошириш тавсия қилинган. Аёл 1 май, жума куни, вазни 3150 грамм, бўйи 52 сантиметр бўлган ўғил бола чақалоқни дунёга келтирди.

Ҳозирда аёлнинг ва янги туғилган чақалоқнинг аҳволи яхши, улар шифокорларнинг қатъий назорати остида, дейилади хабарда.

23 апрелда Тошкентда туғруқхонага боришга улгурмаган аёл ППХ машинасида фарзандини дунёга келтиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ҳомиладор аёл шифохонага вертолётда олиб борилган, аёл ўғил фарзандли бўлган, кейинроқ чақалоққа вилоят ҳокими совғаси топширилганди.