Сардоба сув омборида тўғони ёрилиши билан боғлиқ фавқулодда вазият муносабати билан аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилаётгани ҳақида аввал хабар берилган эди. ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов эвакуация қилинган аҳоли сонини маълум қилди.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Содиқовнинг таъкидлашича, фавқулодда вазиятнинг биринчи дақиқаларидаёқ Сардоба сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасаларга жойлаштирилган.

Бундан ташқари, яна минг кишига мўлжалланган қўшимча жойлар ҳам тайёрланмоқда. Эвакуация қилинган фуқароларни озиқ-овқат, дори-дармон ва ухлаш ҳамда дам олиш жойлари билан таъминлашмоқда. Ҳозирги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда барча ишлар санитария-гигиена нормаларига асосан ташкил этилган.

«Бир вақтнинг ўзида эвакуация қилинганларнинг рўйхати тузилмоқда», — деди ФВВ матбуот хизмати раҳбари.

Айни вақтда, ФВВ матбуот хизмати вакили Самандар Ҳикматуллаевнинг маълум қилишича, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктларидан жами 60 450 нафар фуқаро Сирдарё вилоятининг бошқа ва Жиззах вилояти ҳудудларига вақтинчалик кўчирилган.

Ҳикматуллаевнинг қўшимча қилишича, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ва аҳолини эвакуация қилиш тадбирларига ФВВ, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ДХХ, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Энергетика, Сув хўжалиги вазирликлари хизматларидан жами 3821 нафар шахсий таркиб ва 400 дан ортиқ техника жалб этилган.

Сув тошқини Оқолтин туманидан оқиб ўтувчи Абай каналига йўналтирилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига оқизилмоқда. Сардоба сув омборидан сув чиқиши 1 май куни соат 17:00 атрофида тўхтаган бўлиб, сув омбори тўғонини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Маълумот учун, содир бўлган фавқулодда вазият юзасидан ФВВда колл-центр фаолияти йўлга қўйилган. Ташкил этилган тезкор рақам кучайтирилган тартибда ишламоқда. Қўнғироқлар 1205 ва 1250 қисқа телефон рақамлари орқали қабул қилинмоқда.