Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Сардоба туманидаги «Қўрғонтепа» маҳалласини бориб кўрган, қадрдон маконига қайтган маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлган эди. «Ўзбекистон 24» телеканалида давлат раҳбарининг аҳоли билан мулоқотидан лавҳалар намойиш этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги уч-тўрт кундан бери ҳаммамиз безовталикка тушиб қолдик, бошимизга катта кулфат келди. Албатта, бунинг таҳлилини ҳали кўп қиламиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз хулосаларини айтади, ҳамма чора-тадбирларимизни қиламиз.

Лекин сизлар ёлғиз эмассизлар. То яшаш шароитларингни тўғриламагунимизча, сизларни бу ерда ташлаб кетмаймиз. Чироқларингни, газларингни, уйларингни, кўрпачаларингни, телевизорларингни — ҳаммасини инобатга оламиз.

Бир кун ичида шунча аскарларимиз, Мудофаа вазирлигидан, Ички ишлар вазирлигидан келди. Худо хоҳласа, икки-уч кун ичида сабр-тоқат билан бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Кайфиятни жуда яхши қилинглар.

Бу бир кўргилик. Ташвиш ўз йўлига, энди жуда тезкорлик билан оқибатларни тозалаб олишимиз керак. Шунга ҳамма ҳаракатларни қиляпмиз. Ҳар куни ўзгариш бўлади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, Сардоба фалокати юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилмоқда.