Фарғона вилоятида 4 май куни 8 киши коронавирусдан соғайди, Навоий вилояти эса расман коронавирусдан холи ҳудудга айланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Фарғонада тузалиб чиққанларнинг етти нафари Туркиядан, бир нафари эса Россиядан келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган; уларнинг тўрт нафари эркак, тўрт нафари аёл. Ҳудудлар кесимида олинса, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳридан икки нафардан, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан бир нафардан. Энг каттаси 61 ёшда, энг кичиги 40 ёшда. Фарғона вилоятида коронавирусдан соғайганлар сони 84 нафарга етди.

Наманганда соғайганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (тўққиз нафари Наманган шаҳридан, уч нафари Учқўрғон туманидан, икки нафари Норин туманидан, бир нафардан Чуст, Наманган ва Уйчи туманларидан) бўлиб, улар касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган. Беморларнинг олти нафари эркак, 11 нафари аёл; энг каттаси 48 ёшда, икки нафар энг кичиги 2019 йилда туғилган. Вилоятда коронавирусдан соғайганлар сони 106 нафарга етди.

Самарқанд вилоятида тузалганлардан бир нафари Самарқанд шаҳрида яшовчи 37 ёшли аёл, иккинчиси Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли эркак. Уларнинг ҳар иккиси касалликни Ўзбекистонда, коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олган. Вилоятда коронавирусдан соғайганлар сони 24 нафарга етди.

Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар қолмади. 4 май куни соғайиб, реабилитацияга кузатилган 45 ёшли аёл Тошкент шаҳридан бўлиб, у пойтахтда коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда касалликни юқтириб олган эди. Умуман, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бошланган 15 мартдан буён Навоий вилоятида касалликка чалиниш билан боғлиқ фақат иккита ҳолат қайд этилган бўлиб, иккинчи бемор ҳам 4 май куни соғайган аёлнинг ўғли эди (25 апрелда реабилитацияга олинган эди).

Шундай қилиб, Ўзбекистонда коронавирусдан холи ҳудудлар сони учтага етди — аввалроқ Жиззах вилоятида уч бемор ва Қашқадарёдаги олти беморнинг бари соғайиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат бўйича коронавирусдан соғайганлар сони 4 май соат 13:40 ҳолатига кўра 1347 нафарга етди. Маълумот учун, жами касалланганлар сони 4 май соат 10:00 ҳолатига 2160 нафарни ташкил этмоқда; беморларнинг 10 нафари вафот этган.