Сирдарё вилоятининг сув босган жойларида вазият тобора яхшиланмоқда, тошқин бўлган ҳудуднинг катта қисмида сув камайган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, бу тошқин оқибатларини бартараф этиш жараёнини тезлаштиришга имкон бермоқда.

Кадр: ФВВ

Хабар беришларича, 3 май куни Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг турли қисмларида жойлашган аҳоли хонадонлари ва инфратузилма объектларидан сув тортиб олинган. Мазкур тадбирларга 80 дан ортиқ ўт ўчириш машинаси ва 100 дан ортиқ сув тортиб олувчи мотопомпа жалб қилинган.

Кадр: ФВВ

Шу билан бирга, жойлар чиқиндилардан тозаланиб, дезинфекция ва бошқа санитария тадбирлари бошлаб юборилган.

«Шу билан биргаликда хавфсиз деб топилган жойларга фуқаролар аста-секинлик билан қайтмоқда. Хусусан, 3 май куни Оқолтин туманининг ‘Бўстон’ маҳалласига 2 мингдан ортиқ эркак уйларни тартибга келтириш учун қайтиб келган. 4 май куни 6 мингдан ортиқ аёллар, болалар ва қариялар маҳаллага қайтиши кутилмоқда», — дейилади ФВВ ахборотида.

Кадр: ФВВ

Қўшимча қилишларича, фавқулодда вазият ҳудудига ФВВ, Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа хизматларнинг техникаси, мутахассислари ва бошқа ресурслари келиши давом этмоқда. Ўтган кунлар давомида Сирдарё вилоятига 1200 дона юк ва махсус муҳандислик машиналари сафарбар этилган.

Кадр: ФВВ

Аввалроқ Жиззахнинг Дўстлик туманига эвакуация қилинган 900 нафарга яқин сирдарёликлар вазият барқарорлашгани учун ўз уйларига қайтарилгани маълум бўлган эди. Уларнинг 500 нафари Оқолтин тумани Фарғона қишлоғи ва «Гулзор» маҳалласидан, 372 нафари эса Сардоба туманининг «Отаюрт» ва «Бирлик» маҳаллаларидан экани маълум қилинган эди.

Фото: «Xabar.uz»

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сардоба туманидаги «Қўрғонтепа» маҳалласида қадрдон маконига қайтган фуқаролар билан учрашиб, мулоқот қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида 1 май тонгида юз берган фалокатдан сўнг 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилгани, камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олиб, касалхоналарга ётқизилгани, 300 киши вертолётлар воситасида қутқарилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир: Сардобадан ҳикоялар