1 май, жума куни, Сирдарё вилоятида рўй берган техноген офат — Сардоба сув омборидаги авария ва унинг оқибатлари, жумладан, электр таъминотига етган талафотлар бартараф қилинмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Хабарга кўра, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан Сирдарё вилоятининг қатор ҳудудларида издан чиққан электр энергияси таъминотини тиклаш ва мазкур ҳодиса оқибатларини бартараф этиш мақсадида 100 нафардан ортиқ ишчи-ходим, бундан ташқари 50 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Сирдарёга кўмак кучи сифатида Фарғона, Андижон, Наманган ва бошқа вилоятлардан ҳам махсус техника ва зарур жиҳозлар билан ишчи-ходимлар Сардобага етиб келган.

Талафот етган ҳудудларда трансформатор пунктларини сув ювиши оқибатида вужудга келган лойдан ва чиқиндилардан тозалаш, шунингдек, тошқин натижасида яроқсиз ҳолга келган таянч устунларни янгисига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, тошқин оқибатларини бартараф этиш мақсадида ҳудудга келган ҳарбий хизматчилар ва бошқа кўнгиллилар учун қурилган вақтинча яшаш жойларини электр энергияси билан таъминлаш ишларига ҳам аҳамият қаратилмоқда.

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати

Зарар кўрган ҳудудларда «Балиқчи», «А.Таиров», «Уч том», «Янги ҳаёт» нимстанциялари сув остида қолиши натижасида 8 мингдан ортиқ истеъмолчи электр энергиясидан узилиб қолган.

Маълумот учун, Сардоба сув омборидаги сув тошқинидан сўнг унинг атрофида жойлашган аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё вилоятининг бошқа ҳамда Жиззах вилояти ҳудудларига эвакуация қилинган (хавф бартараф бўлгани боис, аҳоли аста-секин уйларига қайтмоқда); ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган.

Воқеа юз берган куниёқ Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига етиб борди. У сув тошқини оқибатларини кўздан кечирди, офатдан жабрланган аҳоли билан мулоқотда бўлди, шароит яхшиланмагунича, ҳеч бир раҳбар ҳеч қаерга кетмаслигини таъкидлади. Аллақачон қайта тикланиши бошланган тўғонни бир неча бор бориб кўрди, иш жараёни билан танишди. Тўғоннинг ёрилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган.