Фарғона вилоятда бир йўла 47 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди, деб хабар берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Фото: ССВ

Реабилитацияга кузатилганларнинг 11 нафари Россияда бўлиб қайтган, яна 11 нафари эса Туркиядан чартер рейсда Фарғонага олиб келинган ва карантинга олинган. Яна 1 нафар фуқаро Қирғизистон Республикасидан келган.

Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Қолган 24 нафар бемор эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган.

Тузалганларнинг 36 нафари Фарғона вилоятидан, 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва қўшни Қирғизистон Республикасидан 1 нафардан бемор бутунлай соғайган.

Уларнинг 31 нафари эркак, 16 нафари аёллар бўлиб, энг каттаси 86 ёшли отахон бўлса, энг кичиги 3 ёшли бола.

Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясидан айни пайтда 131 нафар бемор бутунлай соғайди.

Аввалроқ Бухоро, Самарқанд, Тошкентда жами 49 нафар бемор коронавирусдан тузалиб, соғайганлар сони 1454 нафарга етгани хабар қилинганди.

2020 йил 5 май ҳолатига кўра, бир сутка ичида 96 нафар бемор тузалиб, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 1501 нафарга етди.

Ўзбекистонда 4 май соат 23:00 дан 5 май соат 10:00 га қадар, яъни 11 соат давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаганди, бироқ 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 15 кишига ошиб, касалланганлар 2204 нафарга етди. Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг ўн нафари вафот этган.