Сардобадаги фалокат бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 5 май, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим.

Менинг топшириғимга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган.

Халқимизни ишонтириб айтаман — тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», — деди Президент.

Президентнинг маълум қилишича, Сардобадаги фалокатдан сўнг тўрт киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган. Қайд этиш жоиз, Шавкат Мирзиёев 5 май куни бўлиб видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.

Аввалроқ Сардоба фалокати юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Президент офатдан жабрланган маҳалла аҳолиси билан мулоқотда воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз хулосаларини беришини таъкидлаган эди.