Ўзбекистон Мусулмонлари идораси жоме масжидларда 2020 йил 6 майдан эътиборан таровеҳ ва жума намозлари ўқилиши тўғрисида тарқатилаётган аудиохабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш бўйича баёнотида жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш маҳал ва Рамазон ойидаги таровеҳ намозларини уйда ўқиш ҳақида алоҳида қайд этилган.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорларига мос равишда масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш бошланиши ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг расмий нашрлари томонидан эълон қилинади.

Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай ихтилоф, фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган материалларни тарқатмасликка чақирамиз. Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-у тавфиқ бериб, тўғри йўлда собитқадам қилсин!

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинган, кейинчалик таровеҳ ва жума намозларининг уйда ўқилиши масаласига изоҳ берилган, карантинга доир фатволар эълон қилинганди.