Ўзбекистонлик санъаткорлар томонидан бир неча талқинда ижро этилган «Рамазон келди» қўшиғи имо-ишора тилига таржима қилинди. Бу ҳақда актриса Раъно Шодиева Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.

Қўшиқни нафақат имо-ишора тили мутахассислари, балки таниқли актрисалар — Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова ҳам ижро этган.

«‘Рамазон’ қўшиғини ижро этган юртимиз эъзозидаги санъаткорларимиздан илҳомланган ҳолда, қўшиқни эшитиш ва нутқида нуқсони бор инсонларимиз учун имо-ишора тилига таржима қилдик. ‘Меҳрли қўллар’ жамоаси бутун мусулмонларни ойларнинг султони Рамазони шариф билан табриклаган ҳолда ушбу видеони сизларга Рамазон ойи совғаси сифатида туҳфа этмоқчимиз», — дейди Раъно Шодиева.

Маълумот учун, «Меҳрли қўллар» имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази ҳисобланиб, унга актриса Раъно Шодиева раҳбарлик қилади.