Интернетда 1 май куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув тўғонининг бузилиб, сув тошиб чиққан жойини тўғирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тасвирланган видео пайдо бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вертолётдан туриб олинган видеодан кўриш мумкинки, тўғоннинг бузилган қисми яқинида кўплаб техникалар тўпланган бўлиб, улар фалокатни бартараф этишга сафарбар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бунда, асосан, сув экин майдонларига зарар етган.

Маълумот учун, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган, шунингдек, 4 нафар фуқаронинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди.

Тўғоннинг ёрилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган.