Ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги тошқин оқибатида жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида хайрия маблағи ажратди. Бу ҳақда Intellinews хабар қилган.

Фото: Forbes

Хабарга кўра, ушбу маблағнинг 10 миллион доллари ўзбекистонликларга ёрдам учун, 5 миллиони эса Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтараал тумани аҳолиси учун тақдим этилган.

Қозоғистонда Алишер Усмонов жабр кўрган ҳар бир оилага (жами 5202 оила, 30 минг нафардан кўп аҳоли) минг доллардан, жами 5 миллион 202 минг доллар хайрия қилгани тасдиқланган.

Кейинчалик Telegram’даги davletovuz каналида Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактуби матни эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, Сардоба сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим.

Муқаддас Рамазон ойида Оллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам бир-бирмизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар беряпман.

Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Оллоҳдан сўраб қоламан.

Ҳурмат билан Алишер Усмонов

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов март ойи охирида Ўзбекистондаги «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида хайрия маблағи ажратганди.