Коронавирус инфекциясига қарши курашишда Тожикистонга ёрдам бериш учун саккиз нафар ўзбекистонлик шифокор мазкур қўшни давлатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлик томонидан маълум қилинишича, COVID-19 касаллигига чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокорлар Тожикистонга йўл олди. Уларни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов кузатиб қўйди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ Тожикистонга йўл олган шифокорлар COVID-19’нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда тожикистонлик тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади.

Тожикистонга йўл олган тиббиёт гуруҳи таркибига анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог, ҳамшира каби коронавирусга чалинган беморларни даволашда катта тажриба тўплаган малакали тиббиёт ходимлари кирган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Тожикистонга шифокорлар билан бир қаторда контейнерлар, 10 та сунъий нафас олдириш аппарати ва жуда кўп тиббий халат, дори воситалари, қўлқоп, респираторлардан иборат инсонпарварлик ёрдами ҳам жўнатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилган. Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари коронавирусга қарши кураш масаласи ҳамда Сардобада юз берган фалокатни муҳокама қилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 апрель куни мамлакатда 15 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида маълум қилди, бу Тожикистонда қайд этилган дастлабки ҳолатлар бўлди. Тожикистонда 7 май ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 461 кишига етган, касаллик оқибатида қурбон бўлганлар сони эса 12 кишига етган.