Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва ундан кейинги тошқинлар натижасида юзага келган газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишларни қайта тиклаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Тошқин оқибатларини бартараф этиш мақсадида мақсадида Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, «Ҳудудгаз Сирдарё» компанияси ходимлари томонидан 330 нафар соҳа мутахассислари, 76 та автотранспорт воситалари жалб қилинган.

Амалга оширилган ишлар натижасида газ қувурларининг шикастланган қисмлари ва икки дона газ тақсимлаш қурилмалари техник соз ҳолатга келтирилиб, қайта тикланган. Натижада Сардоба тумани Пахтаобод шаҳарчасидаги 3 117 та, Оқолтин туманидаги 3 849 та хонадонда ва шу ҳудудлардаги мавжуд 192 та улгуржи истеъмолчиларда газ таъминоти тўлиқ тикланган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Тошқин сабабли бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш учун 223,7 тонна суюлтирилган газ ва 1 000 дона маиший газ баллонлар захираси яратилган. Шунингдек, фавқулодда ҳолат юз берганидан сўнг вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари электр тармоқлари инвентаризациядан ўтказилган.

Бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, тўртта 35/10 киловолтли нимстанциялар (Сардоба туманидаги «Янги ҳаёт», Мирзаобод туманидаги «Балиқчи» ва «Учтом», Оқолтин туманидаги «Тоиров» нимстанциялари), 106 дона трансформатор пунктлари, 492,7 километр электр узатиш тармоқлари сув тошқини остида қолган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Электр ускуналарини соз ҳолга келтириш учун икки дона, қуввати 2500 кВА бўлган трансформатор олиб келинмоқда, 500 дона темир бетон таянчлари, 24 тонна АС русумли симлар, 73 километр СИП маҳсулоти, 12 километр кабел, 54 дона трансформатор ва 5,5 тонна трансформатор мойи жамғарилган.

Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонасилари томонидан зудлик билан қилинган саъй ҳаракатлар натижасида 10,2 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланди.

«Авария ҳолатларини бартараф этиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда рухсат этилган ҳудудларда амалга оширилмоқда. Тошқин оқибатида юзага келган аварияларни бартараф этиш ишлари давом этоқда», — дейилади Энергетика вазирлиги ахборотида.