Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 1 май, жума куни юз берган сув тошқини оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 гектар ер майдони талафот кўрган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов 8 май куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Мирзачўл қишлоғида сув оқимларидан вайрон бўлган уйлар.

Фото: «Gazeta.uz»/Никита Макаренко

Маълум қилинишича, тошқин 10 та маҳалла, 23 та аҳоли пункти ҳудудидаги 4711 та турар ва 277 та нотурар жой объектига, 30 718 гектар экин майдонларига зарар етказган.

Ҳозирги кунда Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва Миллий гвардия томонидан 17 000 нафарга яқин шахсий таркиб, 2500 дан ортиқ техника, 300 га яқин мотопомпа ёрдамида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, тошқин оқибатида нобуд бўлган уй ҳайвонларини йиғиш ва зарарсизлантириш ишлари ФВВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва уларнинг Сирдарё вилояти бўлинмалари томонидан амалга оширилмоқда. Хусусан, Сардоба туманининг Дўстлик, Қўрғонтепа, Юртдош аҳоли пунктларида жами 743 бош, Оқолтин тумани аҳоли пунктларида жами 551 бош, Мирзаобод туманидаги аҳоли пунктларида жами 1330 бош нобуд бўлган ҳайвоннинг жасади кўмиш йўли билан зарарсизлантирилган.

Бундан ташқари, талафот кўрган ҳудудларда ҳамда вилоят бўйича 12 485 та турар жойда, 748 та савдо шохобчасида, 304 та маъмурий бинода, 31 та бозорда, 540 та кўчада дезинфекция ишлари ўтказилган.

Экологик вазиятни яхшилаш мақсадида талафот кўрган туманлардан 6086 тонна чиқинди ва 13 620 тонна тошқин суви олиб чиқиб кетилган.

Шу билан бирга, сув тошиши оқибатида талафот етган автомобиль йўллари, электр ва газ тармоқларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Мобил алоқа компаниялари томонидан зарар кўрган ҳудудлардаги 14 та базавий станциянинг фаолияти қайта тикланган. Тошқиндан зарар кўрган 2455 та кадастр ҳужжатининг дубликатлари тайёрлаган.

Маълумот учун, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган; ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган, шунингдек, 4 нафар фуқаронинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди.

Воқеа юз берган куниёқ Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига етиб борди. У сув тошқини оқибатларини кўздан кечирди, офатдан жабрланган аҳоли билан мулоқотда бўлди, шароит яхшиланмагунича ҳеч бир раҳбар ҳеч қаерга кетмаслигини таъкидлади. Аллақачон қайта тикланиши бошланган тўғонни бир неча бор бориб кўрди, иш жараёни билан танишди. Тўғоннинг ёрилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган.