Танзания президенти Жон Магуфули коронавирус тестларининг самарадорлигини аниқлашга қарор қилди, деб ёзади Al Jazeera.

Фото: Al Jazeera

У лабораторияга нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва мевалардан олинган намуналарни ҳам юборди.

Шу тариқа тест эчки ва папайяда ҳам коронавирус борлигини кўрсатган.

Ушбу ҳолатдан сўнг Магуфули мамлакат Соғлиқни сақлаш миллий лабораторияси раҳбарини ишдан бўшатган.

«Биз жониворлар, мевалар, егуликлар, буюмлардан олинган намуналарни ҳам атайин инсонники сифатида кўрсатиб лабораторияга жўнатдик. Масалан, машина мойини 30 ёшли Жабир Ҳамзаники деб кўрсатгандик, жавоб салбий чиқди.

Дарахтдан олинган намунани 45 ёшли аёл Сара Самвелга тегишли деб юборгандик, лаборатория унда коронавирус бор-йўқлигини аниқлай олмади.

Папайядан олинган намунани 26 ёшли Элизабет Энники деб кўрсатгандик, унда коронавирус борлигини кўрсатишди. Ҳатто, эчкидан олинган намунада ҳам коронавирус чиқди», — дейди Танзания президенти.

У лабораторияни жирканч ўйин қилаётганликда айблади. Лабораториянинг ишдан олинган раҳбарига нисбатан суриштирув олиб борилмоқда.

Жон Магуфули эчки ва папайяда коронавирусни аниқлаган тест қайси давлатда ишлаб чиқарилганига аниқлик киритмаган.