Ўзбекистонда 9 май куни соат 15:40 ҳолатига кўра 28 киши коронавирусдан соғайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, 9 май давомида Фарғонада беш киши, Хоразмда 10 киши, Тошкент шаҳрида 13 киши касалликдан тузалиб, реабилитацияга кузатилган.

Фарғонада соғайганларнинг уч нафари Россиядан, икки нафари эса Германия—Россия—Қозоғистон узоқ масофага қатновчи халқаро юк автомашинасида келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Бари эркак, уч нафари Фарғонадан, икки нафари Бухородан. Энг каттаси 57 ёшда, энг кичиги 35 ёшда. Фарғонада вилоятида коронавирусдан соғайганлар сони 136 нафарга етди.

Хоразмда соғайганларнинг тўққиз нафари Россиядан чартер рейс билан олиб келинган ва карантинга олинган, коронавирус тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Бир фуқаро эса касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган. Уларнинг икки нафари Намангандан, Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарёдан бир нафардан; 8 нафари эркак, 2 нафари аёл, энг каттаси 53 ёшда, энг ёши 22 да. Хоразм вилоятида коронавирусдан соғайганлар сони 178 нафарга етди.

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида тузалган 27 ёшли эркак Қорақалпоғистондан; у Қозоғистондан келган ва карантинга олинган, коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган.

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг тўрт нафари эркак, икки нафари аёл бўлиб, бир нафари Россиядан, икки нафари Қозоғистондан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган уч нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Тошкент шаҳридан икки нафар, Қозоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент ва Наманган вилоятларидан бир нафардан. Энг каттаси 43 ёшда, энг ёши кичиги 18 ёшда.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида шифо топганларнинг барчаси Тошкент шаҳридан; икки нафари Россиядан, бир нафари эса Туркиядан келган ва карантинга олинган, коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган уч нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда касалликни юқтириб олган. Тўрт нафари эркак, икки нафари аёл, энг каттаси 45 ёшда, энг кичиги 18 ёшда. Тошкентда коронавирусдан соғайганлар сони 561 нафарга етди.

«Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1803 нафарга етди», — дейилади Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида. Маълумот учун, жами касалланганлар сони 2349 нафарга етган, касаллик оқибатида 10 киши вафот этган.