Андижон вилоятида 9 май куни 23 киши, Наманган вилоятида эса 20 киши коронавирусдан соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Андижонда соғайганларнинг бари шу вилоятнинг ўзидан. Уларнинг 22 нафари касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган, бир нафари эса Россиядан Қозоғистон орқали келиб, карантинга олинган, касаллик тасдиқлангач, шифохонага ётқизилган.

Андижонда соғайганларнинг саккиз нафари эркак, 15 нафари аёл, энг каттаси 56 ёшда, энг кичиги 8 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 135 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 158 нафарга етган.

Наманганда соғайганларнинг бари шу вилоятнинг ўзидан. Улар касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олишган. Беморларнинг тўққиз нафари эркак, 11 нафари аёлбўлиб, энг каттаси 64 ёшда, энг ёши кичиги 2020 йилда туғилган чақалоқ. Вилоятда коронавирусдан соғайганлар сони 179 нафарга етган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда биргина 9 майнинг ўзида 71 нафар киши коронавирусдан соғайди (аввалроқ Фарғонада беш киши, Хоразмда 10 киши, Тошкент шаҳрида 13 киши касалликдан тузалгани ҳақида хабар берилган эди), мамлакат бўйича соғайганлар сони 1846 нафарга етди; 9 май соат 21:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда жами 493 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Маълумот учун, мамлакатда 15 мартдан буён коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 2349 та ҳолат қайд этилган бўлиб, беморларнинг 10 нафари касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.