Россиянинг Пермь ўлкасида жойлашган Новопетровка қишлоғи мактаб ўқувчилари интернет яхши ишламагани сабаб уй вазифаларини юбориш учун уяли алоқа минорасига чиқишга мажбур бўлди, деб хабар беради «Звезда» телеканали.

Кадр: «Звезда» телеканали

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, қишлоқда интернет яхши ишламайди — ҳар бир уй вазифасини юклаб олиш учун бир неча соатлаб кутиш керак, уларни юбориш учун эса яна шунча вақт кетади. «Биз икки соатлаб шунчаки киришни кутамиз. Шундан кейин уй вазифасининг юкланишини кутамиз. Биз кунига қарийб 12 соат дарс қиляпмиз», — дейди ўқувчилардан бирининг онаси.

1-сонли Октябьрск ўрта мактабининг математика ўқитувчиси Маргарита Ҳабибираҳманова ҳам қишлоқда интернет билан боғлиқ муаммо ҳақида сўзлаб берган. «Мен барча ўқувчилардан уй вазифасини қабул қилиб олишим керак, бу кунига баъзан 100 тага етади. Интернет жуда секин ва бу муаммо», — дейди ўқитувчи.

Уяли алоқа минораларига болалар билан уларнинг ота-оналари ҳам чиқмоқда. Аҳоли интернет-провайдер ва маҳаллий ҳукуматга муаммо ҳақида ёзган, бироқ улар уяли алоқани яхшилашдан бош тортган, чунки қишлоқдан 100 кишидан камроқ одам яшайди. Новопетровкаликлар 10 километр узоқликдаги минорага кучайтиргич қўйиб беришни сўраган, бироқ туман маъмурияти кейинроқ ёрдам беришни ваъда қилган. Ҳокимият вазиятга барибир ўз муносабатини билдирди — мактаб ўқувчилари уй вазифаларини дафтарга бажаради ва улар йиғилиб, ўқитувчиларига олиб бориладиган бўлди.

Туман халқ таълими бўлимининг маълум қилишича, суратга олиш гуруҳи келгунига қадар Новопетровка аҳолиси уй вазифаларини юбориш борасидаги муаммолардан шикоят қилмаган. Шунингдек, ҳокимият вакиллари масофавий таълимга ўтилишидан олдин маҳаллий аҳоли ўртасида сўров ўтказиб, вазифаларни ёзма равишда топширишни таклиф қилган.

«Звезда» телеканалининг сюжетидан кейин қишлоққа амалдорлар келганида маҳаллий аҳоли уй вазифаларини муаммосиз олаётгани, бироқ қайта юбориш учун телеминорага чиқишга тўғри келаётганини тушунтирган.

Ҳокимият ота-оналарни болаларни қасддан хавфда қолдирганликда айблаган. Амалдорлар минорага кўтарилган болалар мактабларда рўйхатга олинишига ҳамда уларнинг таълими ва тарбияси бўйича назорат кучайтирилишига ваъда берган. Шунингдек, Маргарита Ҳабибраҳманова ҳам жавобгарликка тортиладиган бўлди. «Халқ таълими бошқармасидагиларнинг таъкидлашича, у фақат ўз ўқувчиларининг муаммоси ҳақида гапирган, қишлоқдаги вазият ҳақида эмас», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Фарғонада интернет тезлиги пастлиги сабабли ўқитувчи уйининг томида ўтириб, онлайн дарс ўтаётгани ҳақида хабар берилганди. Халқ таълими вазирлиги ўқитувчининг ишига садоқати учун миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан кейин барча таълим муассасалари ёпилган. Мактаб ўқувчилари учун 30 мартдан бошлаб бир қатор телеканалларда видеодарслар эфирга узатилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Speedtest Global Index рейтингига кўра, Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича 141 та давлатлар ичида 133 ўринда.