Польшадаги Мейсце-Оджаньск шаҳарчасида 2010 йилдан бери илк марта ўғил бола дунёга келди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Getty Images

2019 йилнинг августида шаҳар мэри Раймунд Фришко ўғил фарзандни дунёга келтирган ота-оналарга мукофот ваъда қилган эди. Мукофот айнан нимадан иборатлиги айтилмаган.

Ўшанда Фришко шаҳарчадаги кўчалардан бирини узоқ кутилган ўғил бола исми шарафига номлашни режалаштираётганини айтганди. Интиқлик билан кутилган ўғил бола 2 май куни дунёга келди.

Шаҳарчада яшовчи Анна ва Гжегож Милек ўғил фарзандли бўлди. Унга Бартек деб исм қўйилган.

«Коронавирус пандемиясини бошдан кечираётган пайтимизда бу хушхабар бизни қувонтирди», — дейди Фришко.

Мэрнинг айтишича, ўғил чақалоқнинг дунёга келиши Мейсце-Оджаньск аҳолисида келажакка умид уйғотган. Шунингдек, у ваъда қилинган мукофот карантиндан кейин берилишини айтган.