Американинг Альбукерке шаҳрида яшовчи ўсмир банкомат ёнидан 135 минг доллар топиб олди. Йигит уларни ўзлаштириш ўрнига полицияга қўнғироқ қилди, деб ёзади Esquire.

Фото: CNN

19 ёшли Хосе Нуньес Романис бобосига пайпоқ сотиб олмоқчи бўлди. У яқин ўртадаги дўконларда ўзига ёқадиган пайпоқ топа олмади, шунинг учун пулини картага ташлаб, онлайн дўконлардан харидни амалга оширмоқчи бўлди.

Йигит банкомат ёнида ичида 50 ва 20 долларлик купюралар бўлган шаффоф пакетни кўриб қолди.

«Биринчи нима қилишни билмадим, бу тушга ўхшарди, шокка тушиб қолдим», — дейди Романис.

Йигит пулларни ўзига қолдириш ҳақида умуман ўйламади ва полицияга қўнғироқ қилди. Шундан сўнг икки нафар полициячи етиб келган, йигит уларга пулларни топширган.

«Полициячиларни кутаётганимда ота-онамнинг гаплари эсимга тушди, улар ҳар доим ҳалол йўл билан пул топишни насиҳат қилади», — дейди Нуньес.

Маълум бўлишича, пулларни банк ходими банкомат ёнида унутиб қолдирган.

«Агар у пулларни олганида унинг ҳаёти ўзгариб кетиши мумкин эди, бироқ у бундай қилмади ва тўғри йўлни танлади», — дейди полициячилардан бири.

Нуньес коллежда ўқийди, у терговчи бўлишни орзу қилади. Унинг айтишича, ўртаҳол оилада яшагани учун ҳеч қачон бунча пулни кўрмаган.

Нуньеснинг ота-онаси 90 йиллар охирида АҚШга кўчиб келган. Уларнинг матрас сотиш билан шуғулланувчи кичик бизнеси бор.

Фото: CNN

Нуньеснинг бу иши эътироф этилмасдан қолмади. Уни полицияга ёрдамчи сифатида ишга олишди. Радиостанция унга футболга бир нечта чипта совға қилди. Бир неча маҳаллий муассасалар унга 500 ва 200 долларлик купонларни ҳадя қилган.

«Онам тўғри йўл тутганим ва мен билан фахрланишини айтди», — дейди Нуньес.