Англиянинг Норфолк графлиги Нориж шаҳрида шифокорлар турли касалликлар аниқланган 511 граммли чала туғилган чақалоқни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Фото: Daily Mail

26 ёшли Тайла Мениар ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида инфекция юқтирганликда гумон қилиниб касалхонага тушиб қолади.

Орадан бир неча кун ўтиб, 2019 йилнинг 9 декабрида у 511 грамм вазнга эга қизча — Лиллини дунёга келтирди.

Чақалоқ шу заҳотиёқ янги туғилганлар учун интенсив терапия бўлимига жойлаштирилди. Қизча у ерда етти ҳафта қолди, у ўпкани сунъий нафас олдириш ускунасига улаб қўйилди.

Чақалоқда учта турдаги инфекция, мияга қон қуйилиши, операция қилиш талаб этиладиган ичак муаммолари аниқланди.

«Биз бир кун билан яшардик. Ҳар қандай кичик муваффақият унинг соғаяётганидан дарак берарди. У овозимни таний бошлади. Палатага кириб, гапирсам у кўзини очарди ва менга жилмайиб қўярди», — дейди чақалоқнинг онаси.

Натижада шифокорлар чала туғилган қизчанинг ҳаётини сақлаб қолди. 5 май куни она ва болага уйга рухсат берилган.

«Бу ҳақиқий мўъжиза. У туғилгани уйга бирга қайтишимизга умид кам эди», — дейди англиялик аёл.