«Нима учун китобларни ёмон кўришади ва улардан қўрқишади? Чунки улар ҳаётимиз юзидаги ажинларни кўрсатиб туради», деган эди буюк ёзувчи Рэй Брэдбери ўзининг машҳур асарларидан бирида. 1933 йилнинг 10 май куни Берлиндаги майдонлардан бири катта гулхан ёруғидан чароғон эди. Аммо бу гулханда китоблар ёнарди…

Фото: Wikipedia

Гитлер ҳокимият тепасида

1933 йил 30 январда Веймар Республикаси канцлери этиб Адольф Гитлернинг тайинланиши, национал-социалистлар томонидан ҳокимиятни реал эгаллаш жараёнининг бошланганини кўрсатиб берди. Фашистлар ягона давлат бошқарувини исташларини яширмади, барча давлат институтлари NSDAP’нинг тўлиқ назоратига бўйсундирилди.

Нацистларнинг тоталитар диктатурасининг ўрнатилиши — бу қонун устуворлиги пойдеворини бузиш, демократик институтларни йўқ қилиш, шунингдек, немис жамияти ва маданиятини нацистлар мафкурасига мувофиқ ўзгартиришни англатарди. Террорни репрессив механизмга айлантириш, оммавий алоқа воситаларини тўлиқ назорат қилиш ва уларни расмий ташвиқот органларига айлантириш каби ушбу тажовузкор жараёнларда давлат ва жамият институтлари муҳим аҳамият касб этди.

Халқнинг ўзи шуни истарди

Аслида, Германияда ҳокимият тепасига национал-социалистларнинг келишини аҳолининг катта қисми қўллаб-қувватлаш билан кутиб олганди. Ушбу воқеаларнинг гувоҳи, немис журналисти ва публицисти Себастиан Хаффнер ўзининг 1987 йилда Мюнхенда ёзилган «Бисмаркдан Гитлергача: ўтмишга назар» деб номланган китобида бу ҳақида шундай дейди«Халқ орасида демократиядан қутулиш ва озодлик туйғуси жуда кенг тарқалган эди. Аксарият одамлар энди демократияни истамасдилар, демократия нима қилиб берди? Одамлар ҳақиқатдан ҳам янги ўзгаришларни хоҳларди: таниқли етакчи шахс қўл остидаги партияларсиз ҳукумат».

Фашистларнинг тажовузкорликлари ростдан ҳам катта ижтимоий қаршиликка дуч келмади. Аксинча, 1933 йилнинг биринчи ойларидаги репрессив кампаниялар Германия фуқароларининг фаол иштирокида бўлиб ўтди.

Рейхстагга ўт қўйилишидан фойдаланиб, яҳудийларнинг дўконлари ва корхоналарини бойкот қилиш, мустақил касаба уюшмаларини йўқотиш, ирқчиликка асосланган қонунлар ишлаб чиқиш каби ишлар амалга оширилди.

Масалан, «Профессионал давлат хизматини тиклаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, унга кўра, барча давлат идораларидан яҳудий миллатига мансуб одамлар ҳайдалди. Шу сингари қатор репрессив чоралар ва «Немис бўлмаган руҳиятга қарши ҳаракат» каби акциялар жамиятда фашистлар мафкурасининг ўрнатилишида муҳим роль ўйнади.

Фото: Wikipedia

Доктор Геббельс ишга киришди

1933 йилдан бошлаб фашистларнинг таълим ва тарғибот вазири бўлган Йозеф Геббельс немис санъати ва маданиятини фашистларнинг мақсадларига мослаштира бошлади. Маданий ташкилотларни яҳудийлардан ва бошқа сиёсий ишончсиз шахслардан ёки нацистлар томонидан «бузилган» деб ҳисоблаган санъат асарларини яратган шахслардан тозалаш бошланди. Нацистларнинг ушбу ҳаракатининг бошида немис университетлари талабалари турар эди. Ўрта синф вакилларидан ташкил топган талабаларнинг миллатчилик ва антисемитизм ғояларига йўғрилган ушбу ташкилотлари йиллар давомида Германия тарихидаги ўз вазифасини бажарди.

Биринчи жаҳон урушидан кейин кўплаб немис талабалари Веймар Республикасига (1919-1933) қарши бўлган ва ўзларининг сиёсий келишмовчиликлари ва адоватларини ифода этишнинг энг мақбул воситаси национал-социализм ғояси эканига ишонган.

Фашистлар Германиясининг талабалар бирлашмаси 1933 йилнинг 6 апрелида бутун мамлакат бўйлаб «Антигерман руҳиятига қарши ҳаракат» деб номланган акциялар ўтказилишини эълон қилади, бу акциянинг энг кульминацион қисми «олов билан тозалаш» эди. Ушбу даҳшатли шов-шувга айланган рамзий акт 1933 йил 10 майда бўлиб ўтди. Университет талабалари давлат цензураси ва тотал назорат даврини бошлаб берган ушбу ишга қўл урди. Улар 25 минг жилддан ортиқ бўлган «Германияга қарши» китобларни оловда ёқди.

Шу куни кечқурун радикал ўнгчи талабалар Германиянинг 34 та шаҳри бўйлаб «Антигерман руҳиятига қарши» машъалалар намойишини ўтказди. Маросимда юқори мартабали нацистлар, профессорлар, университет ректорлари ва талаба ташкилотлари раҳбарлари иштирокчи ва томошабинларга мурожаатлар йўллади. Тадбир сўнгида талабалар тантанали равишда «исталмаган» китобларни гулханга ташлади ва «олов қасамини» ичди. Бу ҳаракатлар оркестрнинг шўх куй-қўшиқларига уланиб кетди.

Немис маънавиятига ёт китоблар

Ўша кеча талабалар ёқиб юборган китоблар ичида Бертольд Брехт каби таниқли социалистларнинг асарлари, коммунизм тушунчасининг асосчиси Карл Маркс китоблари, буржуа танқидчилари, масалан, австриялик драматург Артур Шницлер ва «бузуқ ташқи таъсир кўрсатувчи» дея аталган америкалик ёзувчиси Эрнест Хемингуэйнинг романлари бор эди. Шунингдек, Нобель мукофоти совриндори Томас Манн ва кўплаб бестселлерлар муаллифи Эрих Мария Ремаркнинг китоблари ҳам ёқилган.

Ремаркнинг нацистлар мафкурасига қарши бўлган, урушнинг асл таърифини жуда кучли тарзда очиб берган «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» деб номланган асари ҳам ўтга ташланган. Қора рўйхатга киритилган бошқа ёзувчилар қаторига америкаликлардан Жек Лондон, Теодор Драйзер ва Хелен Келлер кирган. Чунки улар ўз асарларида ижтимоий адолатга ишонган, ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ва тинчликпарварликни тарғиб қилган. Шунинг учун бу рўйхатдан жой олган.

Фото: Wikipedia

10 май куни мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган ушбу тадбирлар муваффақиятли ўтди ва матбуотда кенг ёритилди. Иштирокчиларнинг чиқишлари, қўшиқлари ва тантанали нутқлари кўплаб немис радио тингловчиларига «жонли» тарзда етказилди. Табиийки, китоблари ёқиб юборилган муаллифлар орасида Франц Верфель, Макс Брод ва Стефан Цвейг каби яҳудий ёзувчилари ҳам бор эди.

Хотира

Ҳозирда ҳар йили Германияда «Ёқилган китобларни хотирлаш куни» каби тадбирлар ўтказилади. Ушу тадбирларда бугунги немис талабалари ўша машҳур муаллифларнинг китобларини биргаликда ўқийди ва бир-бирига ҳадя қилади.

1995 йилда Берлиннинг Бебельплац майдонида яҳудий скульптори Миха Улман томонидан ўзига хос монумент яратилган, майдонга ўра қазилиб, кичкина хона қилинган, майдондан ўтар экансиз, бу хонани ердаги ойнали туйнук орқали кўришингиз мумкин. Хонанинг ичида эса тахминан, 20 минг дона китоб сиғадиган пештахталар қилинган, аммо бу пештахталарнинг бўшлигига кўзингиз тушади...

Хулоса

Юқорида сиз ўқиган воқеанинг энг қизиқ томони шунда эдики, нацистлар ёқиб юборган китобларнинг ичида ўн тўққизинчи асрнинг машҳур немис шоири Генрих Гейненинг 1820 йилда ёзган шеърий тўпламлари ҳам бор эди. Унда шоир «Қаерда китоблар ёқилса, кейинчалик у ерда одамлар ҳам ёқилади», деган сўзларни айтган. Дарҳақиқат, ҳокимият тепасига келиб, китобларни ёқишдан иш бошлаган нацистлар орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан бутун дунёга Иккинчи жаҳон уруши деб номланган оловни ёйишди ва унда миллионлаб инсонларнинг кули кўкка совурилди...

Нурбек Алимов тайёрлади.