Стэнфорд университети профессори Скотт Хаббард Марсдан Ерга сайёра намуналари билан янги вируслар тушиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Фото: NASA

Олимнинг сўзларига кўра, бошқа сайёрадан вирусларнинг тупроқ, космик кемалар, шунингдек, астронавтлар билан Ерга тушишига имкон бермайдиган муайян протоколларни ишлаб чиқиш керак.

«Барча тизимлар қатор кимёвий тозалашлардан ўтказилиши, шунингдек, иссиқ стерилизация қилиниши керак. Намуналар солинган пробиркалар худди уларда Эбола вируси бордек ишлов берилиши лозим», — дейди Хаббард.

Шу билан бирга профессор Марс юзасидан териб олинган тошлар билан вируснинг олиб кирилиши эҳтимоли жуда камлигини қайд этди.

NASA тахминан 2035 йилда одамларни Марсга жўнатишни режалаштирмоқда.