«Давергеодезкадастр» қўмитаси томонидан Сардоба сув омборида рўй берган тошқиндан зарар кўрган ҳудудлардаги турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Давергеодезкадастр» қўмитаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 10 май ҳолатига кўра, 10 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 20 та аҳоли яшаш пунктида жами 5 969 та турар ва 277 та нотурар жой объектлари талафот кўргани аниқланган. Мазкур турар жойларнинг 4 587 таси якка тартибдаги уй жой, 1 337 таси кўп қаватли хонадон ва 45 таси қурилиши тугалланмаган уй-жойлардир.

Ҳозиргача 3 599 та турар ва нотурар жойларнинг кадастр ҳужжатлари ва кадастр паспортларидан дубликатлари кўчмас мулк эгалари ва фойдаланувчиларга тақдим этиш учун тайёрланган.

Фото: «Давергеодезкадастр» қўмитаси ахборот хизмати

«Шунингдек, ‘Давергеодезкадастр’ қўмитаси томонидан сув тошқинидан азият чеккан аҳоли уйларининг кадастр ҳужжатлари бепул тайёрлаб берилиши кўзда тутилган», — дейилади хабарда.