АҚШда Nirvana гуруҳининг марҳум етакчиси Курт Кобейннинг гитараси аукционга қўйилди. Martin D-18E гитарасининг бошланғич нархи бир миллион долларни ташкил этмоқда, деб ёзади «Korrespondent.net».

Фото: Posta-magazine

«Julien’s Auctions Курт Кобейн Нью-Йоркдаги концертида фойдаланган, 1959 йилда ишлаб чиқарилган Martin D-18E гитарасини тақдим этишдан мамнун. Бу бизнинг аукционимиздаги энг аҳамиятли лотлардан бири ҳисобланади», — дейилади аукцион уйи сайтида.

Аукцион 19—20 июнь кунлари Беверли-Ҳиллзда бўлиб ўтади.

Бу Кобейнга тегишли буюмларнинг биринчи марта аукционга қўйилиши эмас. Ўтган йилнинг октябрь ойида санъаткорнинг яшил рангдаги кардигани аукционда 334 минг долларга сотилган эди.

Шунингдек, 1993 йилда Кобейн учун махсус ишлаб чиқарилган гитара ҳам аукционда 340 минг долларга сотилган.

1994 йилда 27 ёшли Кобейн ўз жонига қасд қилган.