Қирғизистон ҳукумати Сардобадаги ҳалокат оқибатида зарар кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдами юборди. Бу ҳақда Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Инсонпарварлик ёрдами ортилган поезд Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Иброҳим Жунусов ва Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар бўйича вазирлигининг вакили кузатуви остида Янгиер шаҳрининг «Янги Янгиер» темир йўл станциясига етиб келган. У ерда делегацияни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги масъуллар кутиб олган.

Хабарда айтилишича, мазкур инсонпарварлик ёрдамида 1000 тонна цемент, 100 тонна гуруч ва 10 тонна ўсимлик ёғи ўрин олган.

Эслатиб, ўтамиз,  АҚШ Сардобадаги фалокатдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун 100 минг доллар ажратмоқда. Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Ўзбекистонга Сардоба фалокатидан зарар кўрган ҳудудларни тиклашда зудлик билан ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Алишер Усмонов эса Сардобадаги фалокатдан жабр кўрганлар учун 15 миллион доллар хайрия қилди. Ушбу маблағнинг 10 миллион доллари ўзбекистонликларга ёрдам учун, 5 миллиони эса Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтараал тумани аҳолиси учун тақдим этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида Сардобадаги фалокатдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун «Саховат карвон»лари жўнатилмоқда. Хусусан, ТошкентАндижонСамарқандФарғонаҚашқадарё вилоятларидан тошқиндан жабрланган сардобаликлар учун инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Аввалроқ Сардобадаги фалокатда салкам 6 минг турар жойга зарар етгани, Сирдарёда сув тошқинидан сўнг 7,5 мингдан ортиқ хонадоннинг газ, 10 мингдан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти тиклангани, ҳудудда талафот кўрган алоқа объектлари қайта ишга туширилаётгани, тошқинлар оқибатида йўқолган 4 мингдан ортиқ уй ҳайвони ўз эгаларига қайтарилгани ҳақида хабарлар берилганди.