Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жоме масжидларда Ҳайит намози ўқилиши тўғрисида тарқатилаётган хабарларга муносабат билдирди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ноўрин гапларда ҳеч қандай асос йўқ. Шу сабабли ҳар хил гап-сўзларга ишонманг. Масжидларда жамоат намозлари бошланишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси расман эълон қилади. Озгина қолди, шунчасига сабр қилдик. Шу сабрнинг орқасидан Аллоҳ кўп енгилликларни беряпти…

Олдимизда Рамазон Ҳайити келяпти. Бу борада ҳам ҳар хил миш-мишларга ишонмасдан, Ҳайит намозини ўқиш қандай тарзда бўлиши ҳақида ваколатли идора — Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар беради.

Усмонхон Алимов, муфтий

Шунингдек, муфтий Усмонхон Алимов ҳозирда 70 дан ортиқ қори онлайн тарзда Қурони Карим хатмини ўтказаётганини таъкидлаб ўтган.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси таровеҳ ва жума намозларини масжидларда ўқиш бошланиши ҳақидаги аудиохабар ёлғон эканини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинган, кейинчалик таровеҳ ва жума намозларининг уйда ўқилиши масаласига изоҳ берилган, карантинга доир фатволар эълон қилинганди.