UzAuto Motors компанияси томонидан жиҳозланган Damas негизидаги тез тиббий ёрдам автомобиллари партияси Тожикистонга юборилгани ҳақида хабар берилганди. Компания автомобиллар Тожикистоннинг махсус тез тиббий ёрдам паркини кенгайтириш ва пандемия вақтида беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланганини маълум қилганди.

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Asia-Plus’нинг ёзишича, мазкур машиналар Тожикистоннинг «Лесинвест» компанияси томонидан ўз маблағлари ҳисобига Ўзбекистондан сотиб олинган.

Фото: Asia-Plus

Нашрнинг қайд этишича, «Лесинвест» компанияси Ravon брендининг Тожикистондаги расмий дистрибьютори ҳисобланади. Ravon автосалони менежери Ҳайдаршох Носирзоданинг маълум қилишича, «Лесинвест» томонидан Ўзбекистондан 8 та Damas русумидаги тез тиббий ёрдам автомобили сотиб олинган.

Фото: Asia-Plus

UzAuto Motors автомобиллар тиббий муассасаларга тарқатиш учун Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилганини маълум қилган. Бироқ Ҳайдаршох Носирзоданинг айтишича, автомобиллар «Лесинвест» томонидан сотиб олинган ва улар яқин вақт ичида Тожикистондаги тиббий муассасаларга тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилган. Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари коронавирусга қарши кураш масаласи ҳамда Сардобада юз берган фалокатни муҳокама қилган.

Шундан сўнг Ўзбекистон Тожикистонга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун шифокорлар гуруҳи ҳамда контейнерлар, 10 та сунъий нафас олдириш аппарати ва жуда кўп тиббий халат, дори воситалари, қўлқоп, респираторлардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатган.