Россиялик миллиардер Алишер Усмонов томонидан Сардобадаги фалокат муносабати билан ажратилган 10 миллион доллар миқдоридаги маблағ яқин вақт ичида жабрланган аҳолига тенг қийматда бўлиб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 13 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган, дея хабар бермоқда «Kun.uz».

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, миллиардер ажратган хайрия маблағи ҳозирда Республика «Маҳалла» фонди ҳисоб рақамида турибди. Маблағлар Рамазон Ҳайитига қадар тарқатилиши кутилмоқда. Бунга қўшимча тарзда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилаётган маблағлар ҳам жабрланган аҳоли учун очилган пластик карталарга ташлаб берилади.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев миллиардер Алишер Усмонов нафақат ўз ҳамюртларига, балки офатдан жабр кўрган қозоғистонликларга ҳам ёрдам берганини таъкидлаб, миннатдорчилик билдирган. «‘Саховат ва кўмак’ ҳаракатига ҳисса қўшаётган тадбиркорларни ҳам ёддан чиқармаймиз. Улар оғир дамда елкадош бўлмоқда», — деб таъкидлаган Президент.

Эслатиб ўтамиз, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов Сардоба сув омбори тўғони бузилиши ва сув тошқини юзага келишидан жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 15 миллион доллар миқдорида хайрия маблағи ажратган. Маблағнинг 10 миллион доллари Ўзбекистон, 5 миллион доллари эса Қозоғистон учун тақдим этилган.

Куни кеча Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимлиги жабрланган аҳолига миллиардер томонидан тақдим этилган пул маблағларини топшириш бошланганини маълум қилган эди.