Дональд Трамп 14 май куни Оқ уйда ўтказилган брифингда АҚШда коронавирусни аниқлаш учун 10 миллиондан ортиқ тест ўтказилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».

Фото: Reuters

«Биз мамлакатда 10 миллионта тест ўтказдик», — деб таъкидлаган президент. Трампнинг айтишича, бу бошқа кўплаб давлатларда ўтказилган тестларнинг умумий сонидан икки баравар кўп. У айнан қайси давлатлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган, бироқ уларнинг рўйхати тузилган қоғозни кўрсатган.

Хабарда айтилишича, коронавирусни аниқлаш учун тест ўтказиш давом эттирилади. Федерал ҳукумат тест ўтказилишини кенгайтириш учун штатларга 11 миллиард доллар юборади. Бу маблағлар коронавирус тарқалишининг иқтисодий оқибатларини юмшатиш учун 2 триллион доллар ажратилиши ҳақидаги қонун доирасида ажратилади.

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, АҚШда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1,37 миллион кишидан, касаллик оқибатида вафот этганлар сони эса 84 минг кишидан ошган, беморларнинг 243 минг нафардан ортиғи соғайган. Мамлакат касалланганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди.